Ўзбекистон ва Қатар фармацевтика инвестициялари бўйича мулоқот ўрнатди
Ўзбекистон ва Қатар фармацевтика инвестициялари бўйича мулоқот ўрнатди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 19 июнь куни Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ҳамда Қатар Давлати бизнес доира вакиллари билан учрашув ўтказилди.
Учрашув давомида меҳмонларга Ўзбекистонда фармацевтика саноатини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳада шакллантирилган қулай инвестиция муҳити ҳамда хорижий инвесторлар учун яратилган имтиёз ва преференциялар ҳақида маълумот берилди.
Музокаралар чоғида фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш, контракт ишлаб чиқариш, илмий-тадқиқот ва инновациялар, нутрицевтика, косметика маҳсулотлари ҳамда рақамли технологияларни жорий этиш соҳаларидаги ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, томонларга мамлакатимиздаги фармацевтика эркин иқтисодий зоналари, экспорт салоҳияти, маҳаллийлаштириш дастурлари ҳамда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича мавжуд имкониятлар тақдим этилди.
Қатар делегацияси вакиллари Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган иқтисодий ва тармоқ ислоҳотларини юқори баҳолаб, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирдилар.
Учрашув якунида томонлар инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, истиқболли лойиҳаларни биргаликда ўрганиш ҳамда амалий мулоқотларни давом эттириш бўйича келишувга эришдилар.