Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистон Президенти Беларусь делегациясини қабул қилди

UzDaily таҳририяти · 21.07.2026 · 11:03 · 43 views
Ўзбекистон Президенти Беларусь делегациясини қабул қилди

Ўзбекистон Президенти Беларусь делегациясини қабул қилди

 Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 июль куни Беларусь Республикаси Бош вазири ўринбосари Виктор Каранкевич бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Беларусь Президенти Александр Лукашенконинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон билан Беларусь ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Мамлакатимиз етакчисининг шу йил 8-9 июль кунлари Минск шаҳрига амалга оширган расмий ташрифи, энг аввало, савдо-иқтисодий соҳада самарали натижалар бергани мамнуният билан қайд этилди.

Товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш ҳамда иқтисодиётнинг устувор тармоқларида кооперация лойиҳаларини илгари суриш мақсадида қабул қилинган чора-тадбирлар режасини ўз вақтида амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Юртимизда биринчи атом электр станцияси ва турдош инфратузилмани барпо этишда Беларусь тажрибасидан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бўлажак атом электр станциясини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилиш жараёнларини экспертлик жиҳатидан қўллаб-қувватлаш, соҳа учун миллий кадрларни тайёрлаш ҳамда тегишли олий таълим муассасалари ўртасида қўшма дастурларни йўлга қўйиш шулар жумласидан.