Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси томонларининг 31-конференциясида (COP31) миллий даражада белгиланган ҳиссанинг янгиланган вариантини (NDC 3.0) тақдим этади.
Ҳужжатга мувофиқ, мамлакат 2035 йилгача ялпи ички маҳсулотнинг ҳар бир бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари чиқиндиларини 2010 йилдаги даражага нисбатан 50 фоизга камайтиришни мақсад қилган.
Конференция 9–20 ноябрь кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси хабар берди.
Конференцияда Ўзбекистон ушбу мақсадга эришиш бўйича миллий ёндашувларини тақдим этади. Бунда «яшил» энергетикани ривожлантириш, энергия самарадорлигини ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва иқтисодиёт тармоқларининг иқлим ўзгаришига барқарорлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Ўзбекистоннинг COP31 доирасидаги асосий тадбирларидан бири иқлим миграцияси ва халқаро ҳамкорлик масалаларига бағишланади.
Миллий павильонда юқори даражадаги тадбир ўтказилиб, унда иқлим ўзгаришининг миграция жараёнларига таъсири, аҳолининг заиф қатламларини ҳимоя қилиш ва ҳудудларнинг иқлим ўзгаришига барқарорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинади. Тадбир якунлари бўйича Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ мамлакатларининг иқлим миграцияси бўйича декларацияси — «Ипак йўли декларацияси»ни (Silk Road Declaration) қабул қилиш режалаштирилган.
Ўзбекистон, шунингдек, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш ва Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этиш бўйича ташаббусларини тақдим этади. Бошқа муҳим мавзулар қаторига чўлланишга қарши курашиш, биологик хилма-хилликни сақлаш ва айланма иқтисодиётни ривожлантириш ҳам киради.
Миллий павильонда мамлакатнинг иқлим ўзгаришига қарши курашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланиш соҳаларидаги фаолияти натижалари ҳамда истиқболли лойиҳалари намойиш этилади.
Павильон янги халқаро ҳамкорлар ва молиявий ресурсларни жалб қилиш учун ҳам майдон вазифасини бажаради. Қўмита павильон дастури ва халқаро учрашувларни ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда тайёрламоқда.
Қўмита баҳосига кўра, конференцияда иштирок этиш Ўзбекистоннинг иқлимни молиялаштириш маблағларини жалб қилиш, қўшма лойиҳаларни ривожлантириш ва экологик барқарорликни таъминлаш имкониятларини кенгайтиради.