Ўзбекистон банкларидаги депозитлар 460,6 трлн сўмга етди
Ўзбекистон банкларидаги депозитлар 460,6 трлн сўмга етди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Марказий банк маълумотига кўра, 2026 йил 1 июнь ҳолатига Ўзбекистон тижорат банкларидаги жами депозитлар ҳажми 460,6 триллион сўмни ташкил қилди.
Давлат улуши мавжуд банкларда 239,5 триллион сўм ёки банк сектори депозитларининг 52 фоизи жойлаштирилган. Қолган банклар ҳиссасига 221,1 триллион сўм ёки 48 фоиз тўғри келади. Бу кўрсаткич бўйича хусусий банклар давлат иштирокидаги банкларга деярли тенглашган.
Энг катта депозитлар ҳажмини Ўзмиллийбанк жалб қилди. Банкдаги депозитлар 55,3 триллион сўмни ёки умумий кўрсаткичнинг 12 фоизини ташкил этди. Иккинчи ўринни 46,2 триллион сўм (10 фоиз) билан Капиталбанк эгаллади. Бу давлат улуши мавжуд бўлмаган банклар орасидаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Кейинги ўринларда Агробанк 41,8 триллион сўм (9,1 фоиз), Ўзсаноатқурилишбанк 35,5 триллион сўм (7,7 фоиз) ва Халқ банки 30,9 триллион сўм (6,7 фоиз) билан жойлашди.
Энг кам депозитлар ҳажми Садерат банкда қайд этилди — 51,3 миллиард сўм. Шунингдек, Опен банкда депозитлар ҳажми 129 миллиард сўм, Мадад инвест банкда 238,2 миллиард сўм, Пойтахт банкда 267,1 миллиард сўм ва АВО банкда 622,9 миллиард сўмни ташкил қилди.