Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Мозори Шариф шаҳрида Фарғона–Балх бизнес форуми бўлиб ўтди

UzDaily таҳририяти · 28.07.2026 · 13:20 · 25 views
Мозори Шариф шаҳрида Фарғона–Балх бизнес форуми бўлиб ўтди

Мозори Шариф шаҳрида Фарғона–Балх бизнес форуми бўлиб ўтди / Сурат: Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида Фарғона ва Балх вилоятлари тадбиркорлари иштирокида бизнес форуми бўлиб ўтди. Унда икки ҳудуднинг ишбилармон доира вакиллари ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиб, қатор муҳим келишувларга эришдилар.

Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Балх вилояти мутасаддилари, савдо-саноат палаталари раҳбарлари, уч юздан зиёд йирик компания ва корхоналар вакиллари ҳамда тадбиркорлар иштирок этди.

Форумда сўзга чиққан Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилаётганини, айниқса, ҳудудлар ўртасида тўғридан тўғри алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Мазкур бизнес форуми Фарғона ва Балх вилоятлари ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни янада мустаҳкамлаш, янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, тадбиркорлар ўртасида узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.

Икки ҳудуд ўртасида қишлоқ хўжалиги, савдо-сотиқ, қурилиш, фармацевтика, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, қурилиш каби соҳаларда ҳамкорлик қилиш учун катта имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.

Балх вилояти Савдо ва инвестиция палатаси раиси Иброҳим Ғазанфар ва бошқалар икки томонлама ишбилармонлик учрашувлари ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, янги шериклик муносабатларини шакллантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

Форумда Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда "Kamal Nabizada Ltd" компанияси ўртасида Мозори Шариф шаҳрида Фарғона савдо уйини ташкил этиш, икки вилоят Савдо-саноат палатаси ўртасида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳудудлар билан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Тадбиркорлар иштирокида B2B форматидаги музокаралар ўтказилди. Унда ишбилармонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилиб, қўшма корхоналар ташкил этиш, маҳсулот етказиб бериш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришдилар.

Афғонистон Савдо ва инвестициялар палатаси, Фарғона ва Балх вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган бизнес форуми икки ҳудуд тадбиркорлари ўртасида янги ҳамкорлик кўприкларини яратиш, савдо айланмасини ошириш ва истиқболли иқтисодий лойиҳаларни рўёбга чиқаришга хизмат қилади.