Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикасига ташриф доирасида “Incheon International Airport Corporation” президенти вазифасини бажарувчи Ким Бом Хо билан учрашув ўтказди.
Урганч халқаро аэропортини модернизация қилиш ва Тошкентнинг янги халқаро аэропортини қуриш лойиҳаларини амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди.
“Incheon International Airport Corporation” компаниясининг Тошкент шаҳрида ўз ваколатхонасини очиш режалари қўллаб-қувватланди. Унинг негизида аэропортларни бошқариш, рақамлаштириш ва кадрлар тайёрлаш бўйича компетенциялар марказини ташкил этиш таклифи билдирилди.
Корея томони қўшма лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этишни давом эттириш, аэропортларни бошқариш соҳасида илғор тажриба ва технологияларни жорий этиш ҳамда Ўзбекистон билан узоқ муддатли шерикликни кенгайтиришга тайёрлигини таъкидлади.