Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилоятида маҳаллий хомашё асосида Жанубий Корея технологияларидан фойдаланган ҳолда махсус йиғма темир-бетон маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги делегация Корея Республикасининг Чхунчхон-Намдо провинцияси Нонсан шаҳрида жойлашган SEONGEUN SPECIAL CONCRETE CO., LTD компаниясига ташриф буюрди.
Муҳандислик инфратузилмаси учун ишлаб чиқариш
Компания 2013 йилда ташкил этилган бўлиб, шаҳар ва қишлоқ инфратузилмаси, жумладан, ер ости муҳандислик тармоқлари учун махсус йиғма темир-бетон конструкциялар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Айни пайтда корхона учта заводга эга.
Ишлаб чиқариш майдонларида канализация, ёмғир сувларини оқизиш ва ирригация тизимлари учун темир-бетон қувурлар, қудуқларни кўрикдан ўтказиш блоклари, очиқ бетон новлар ва бошқа махсус маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
Маҳсулотлар давлат ва хусусий буюртмачиларга етказиб берилади ҳамда Корея Республикасининг KS миллий стандарти талабларига, шунингдек, K-mark сифат сертификати талабларига жавоб беради.
Компания раҳбари Пак Ге Ён делегацияга ишлаб чиқариш жараёнлари, маҳсулотларнинг техник хусусиятлари, сифат назорати тизими ва қўлланилаётган замонавий технологияларни тақдим этди.
Фарғона вилоятида корейс технологиялари
Хайрулло Бозоров ишлаб чиқариш жараёнлари ва тайёр маҳсулотлар билан танишиб, шаҳарлар ва қишлоқ аҳоли пунктларида муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини барпо этишда мустаҳкам темир-бетон конструкциялардан фойдаланиш тажрибасига алоҳида эътибор қаратди.
Музокаралар давомида томонлар SEONGEUN SPECIAL CONCRETE CO., LTD компанияси билан ҳамкорлик қилиш, Фарғона вилоятида Корея технологиялари ва стандартларини жорий этиш, шунингдек, махсус темир-бетон маҳсулотларини маҳаллий ишлаб чиқаришни ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқди.
Учрашув якунлари бўйича ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Томонлар, шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олди.