Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Иқтисод

Ўзбекистон E-9 визаси билан ишлаш шартларини ўзгартирди

Дилафруз Ниязова · 04.09.2026 · 12:55 · 19 views
Ўзбекистон E-9 визаси билан ишлаш шартларини ўзгартирди
Ўзбекистон E-9 визаси билан ишлаш шартларини ўзгартирди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жанубий Кореяда E-9 визаси асосида ишлаётган Ўзбекистон фуқароларига энди иш берувчини алмаштириш учун Миграция агентлиги ваколатхонасининг олдиндан розилигини олиш талаб этилмайди.

Тегишли қоидалар вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Жанубий Кореяга кетаётган фуқаролар билан тузиладиган уч томонлама шартномадан чиқариб ташланди.

Аввал шартномада иш жойини алмаштиришдан олдин Корея Республикасидаги Миграция агентлиги ваколатхонасининг розилигини олиш талаби белгиланган эди. Ушбу талабни бузганлик учун жарима ҳам назарда тутилган.

Миграция агентлигида тушунтирилишича, мазкур қоидалар фуқароларнинг ноқонуний мақомга ўтиб кетишининг олдини олиш, улар билан доимий алоқани сақлаш ҳамда зарурат туғилганда ижтимоий, ҳуқуқий ва моддий ёрдам кўрсатиш имкониятини таъминлаш мақсадида жорий этилган.

Шартнома шартларини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги қарор Жанубий Кореядаги иш берувчилар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ўтказилган музокаралар, шунингдек, фуқароларнинг мурожаатлари таҳлил қилинганидан сўнг қабул қилинди.

Энди фуқаролар иш берувчини алмаштириш учун Миграция агентлигига алоҳида мурожаат қилиб, рухсат олиши шарт эмас. Меҳнат шартномаси бекор қилинганидан сўнг улар амалдаги тартиб ва Корея Республикаси қонунчилигига мувофиқ янги иш берувчи билан меҳнат муносабатларига киришиши мумкин.

Шу билан бирга, уч томонлама шартномага киритилган ўзгартишлар E-9 визасига эга ишчилар учун Корея қонунчилигида белгиланган талабларни бекор қилмайди.

Жумладан, меҳнат шартномаси бекор қилинганидан сўнг фуқаро бир ой ичида белгиланган давлат тартибида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтиши керак. Янги иш жойини 90 кун ичида топиш лозим. Агар ушбу муддатда ишга жойлашиш амалга ошмаса, фуқаро Корея Республикаси ҳудудини тарк этиши шарт.

Мамлакатда ноқонуний қолганлик учун жарима тўғрисидаги қоида эса сақланиб қолган.

Агар фуқаро белгиланган муддатда ишга жойлашмаса ва Жанубий Корея ҳудудини тарк этмаса, у ноқонуний мақомга ўтиши мумкин.

Мамлакат қонунчилигига мувофиқ, бундай шахсга нисбатан жарима, депортация ва қайта киришни тақиқлаш чоралари қўлланилиши мумкин.

Миграция агентлиги шартнома шартлари ўзгаргани муносабати билан фуқароларга иш берувчини алмаштиришда Корея Республикаси қонунчилигида белгиланган тартиб ва муддатларга қатъий риоя қилишни тавсия қилди.