Маданият соҳаси учун солиқ имтиёзлари кенгайтирилади

Маданият соҳаси учун солиқ имтиёзлари кенгайтирилади

Маданият соҳаси учун солиқ имтиёзлари кенгайтирилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда маданият ва санъат соҳасида фаолият юритаётган ташкилотлар ҳамда тадбиркорлар учун бир қатор солиқ имтиёзлари жорий этилади. Бу ҳақда Президентнинг ижодий соҳа вакиллари билан учрашувида маълум қилинди.

Эълон қилинган чораларга кўра, концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотлар, хусусий театрлар, кинематография соҳаси, болалар учун контент ишлаб чиқарувчилар ҳамда маданият ва санъат соҳасидаги хусусий таълим муассасалари қўшилган қиймат солиғи, фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, шунингдек ер солиғи, мол-мулк солиғи ва жисмоний шахслар даромад солиғини тўлашдан озод этилади.

Шунингдек, тадбиркорлар ва йирик компаниялар томонидан адабиёт, маданият ва санъатни ривожлантириш учун ажратиладиган ҳомийлик маблағлари ҳам солиққа тортилмайди.

1 июлдан бошлаб ҳудудлар ва маҳаллаларда ўтказиладиган концертлар ҳамда маданий-томоша тадбирларини ташкил этиш харажатларининг 20 фоизигача бўлган қисми давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.

Ҳудудларда ҳокимликлар ҳузурида алоҳида дирекциялар ташкил этилади. Улар концерт заллари, театрлар ва маданият саройларидан самарали фойдаланиш, шунингдек мунтазам маданий тадбирларни ташкил этиш билан шуғулланади.

Бундан ташқари, ҳар йили аҳолининг айрим ижтимоий қатламларига мансуб 500 минг нафар шахсга, жумладан ўқитувчилар, шифокорлар, давлат хизматчилари, мактаб ўқувчилари ва талабаларга театрлар, кинотеатрлар ҳамда концертларга ташриф буюриш учун бепул ваучерлар тақдим этилади.

Шунингдек, 100 минг нафар кам таъминланган оила ва ногиронлиги бўлган болалар ҳам мазкур бепул ваучерлар билан таъминланади.

#Шавкат Мирзиёев  

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг