Ўзбекистон

Ўзбекистон Тошкентдаги иссиқхоналар учун экологик талабларни жорий этди

Ўзбекистон Тошкентдаги иссиқхоналар учун экологик талабларни жорий этди
Ўзбекистон Тошкентдаги иссиқхоналар учун экологик талабларни жорий этди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ҳукумати Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг бешта туманидаги иссиқхона хўжаликлари учун махсус экологик режим жорий этди.

586-сонли қарорда иситиш манбалари, чиқиндиларни назорат қилиш ва улар билан муомала қилиш бўйича талаблар белгиланган. Шунингдек, иссиқхоналарни экологик модернизация қилиш учун молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари назарда тутилган.

Махсус режим пойтахт, Юқоричирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларига татбиқ этилади. Бу ҳақда Миллий экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси матбуот хизмати хабар берди. Президентга тегишли таклифлар киритишга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида 13 октябрь куни маълум қилинган эди.

Ҳужжатга мувофиқ, махсус ҳудудда иситиш тизимига эга иссиқхона хўжаликлари табиий газ, жумладан, суюлтирилган газ, электр, геотермал ёки қуёш энергиясидан, шунингдек, иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқариладиган иккиламчи иссиқликдан фойдаланиши керак. Бунинг учун давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси олиниши лозим.

Қаттиқ ёқилғи — кўмир, биомасса брикетлари ва пеллетлардан фойдаланадиган иссиқхоналарга 1 декабрга қадар иситиш тизимини юқорида кўрсатилган энергия манбаларига ўтказиш топширилди.

Қаттиқ ёқилғидан фойдаланишга фақат белгиланган экологик талабларга риоя қилинган тақдирдагина рухсат этилади. Бу талаблар ёқилғи узатиш ва ёниш жараёнини автоматик бошқариш, белгиланган самарадорлик кўрсаткичларига эга чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш ҳамда қозонхоналарни чиқиндиларни узлуксиз мониторинг қилиш тизимлари билан жиҳозлашни ўз ичига олади.

Чиқиндиларни автоматик мониторинг қилиш тизимлари (CEMS) миллий стандартларга мувофиқ бўлиши, Экология қўмитасининг ахборот тизимларига интеграция қилиниши ва маълумотларни реал вақт режимида узатиши шарт. Қозон қурилмалари, тозалаш ускуналари ва мониторинг тизимлари мувофиқлик сертификатларига эга бўлиши керак.

Бундан ташқари, иссиқхона хўжаликлари қозонхоналар фаолияти ва тутун газлари чиқиндиларини доимий назорат қилиш учун онлайн-камералар ўрнатиши шарт. Камералар, мониторинг тизимлари ва тозалаш ускуналари узлуксиз электр таъминоти манбалари ҳамда захира генераторлари билан таъминланиши лозим.

Иссиқхона эгалари кул, оғир металлар, окалина, шлам ва бошқа заҳарли моддаларни белгиланган тартибда йиғиш, ташиш ва утилизация қилишни ташкил этиши ҳам шарт. Ускуналарнинг ишлашига таъсир кўрсатадиган, техник ҳужжатларда назарда тутилмаган ўзгартиришларни киритиш тақиқланади.

Қарорда автомобиль шиналари, битум, мазут, пластмасса ва полимер плёнкалар, синтетик картон, резина, жун толалари, ишлатилган мойлар, маиший ва ишлаб чиқариш чиқиндилари, шунингдек, таркиби ўхшаш материалларни ёқилғи сифатида ёқиш алоҳида тақиқланган.

Экологик модернизация учун молиявий ёрдам

2028 йил 1 январга қадар махсус ҳудуддаги иссиқхона хўжаликларига чанг-газ тозалаш ускуналари, қозон қурилмалари, энергия тежовчи экранлар ва энергия самарадор технологияларни сотиб олиш харажатларининг 50 фоизини қоплаб бериш режалаштирилган.

Субсидиялар электр, геотермал ва қуёш энергиясидан фойдаланадиган иситиш ускуналари, шунингдек, когенерация қурилмалари учун ҳам ажратилади. Тўловнинг энг юқори миқдори иссиқхона хўжалигининг ҳар бир гектари учун 50 миллион сўмни ташкил этади.

2026–2027 йилларда электр, геотермал ва қуёш энергияси, шунингдек, когенерациядан фойдаланадиган иситиш тизимларига ўтиш учун тижорат банклари орқали кредитлар ажратилади.

Кредит муддати уч йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда етти йилни ташкил этади. Йиллик фоиз ставкаси 14 фоиз этиб белгиланган, унинг 4 фоизи банк маржасидан иборат.

Кредит лойиҳа қийматининг 50 фоизигача қисмини қоплаши мумкин, бироқ ҳар бир гектар учун 3 миллиард сўмдан ошмаслиги керак.

CEMS автоматик чиқинди мониторинги станцияларини сотиб олиш учун ҳар бир станцияга 350 миллион сўмгача маблағ ажратиш назарда тутилган.

Маблағлар уч томонлама шартнома асосида, беш йил давомида фоиз ҳисобланмайдиган бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан берилади. Маблағ олувчилар техник талабларга риоя қилиши, ускуналарни ўрнатиши, уларни Экология қўмитасининг ахборот тизимига интеграция қилиши ва маълумотларни узлуксиз узатишни таъминлаши шарт.

Шартнома мажбуриятлари бузилган тақдирда, жумладан, ускуналар ўрнатилмаса, ахборот тизимига интеграция қилинмаса, маълумотлар узатилмаса ёки ёзма огоҳлантиришдан кейин тўлов ўз вақтида амалга оширилмаса, станциялар шартномада белгиланган тартибда демонтаж қилиниши ва қайтариб олиниши мумкин. Муддати ўтган қарздорлик акцептсиз тартибда ундирилади.

Қарорда атмосфера ҳавоси сифатига салбий таъсир кўрсатувчи ёқилғидан фойдаланадиган бошқа тармоқлардаги қозонхоналар учун ҳам экологик меъёрларни белгилаш назарда тутилган.

Атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи корхоналарни экологик хавфсизлик даражасига қараб «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга ажратиш режалаштирилган. Тегишли талаблар қонунчиликда мустаҳкамланади.

Бундан ташқари, 2030 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш ва модернизация қилиш учун мўлжалланган ускуналар импорти божхона божидан озод этилади. Имтиёз чанг-газ тозалаш ускуналари, энергия тежовчи қозонлар, когенерация қурилмалари, геотермал ва қуёш энергиясидан фойдаланиш ускуналари, чиқиндиларни автоматик мониторинг қилиш тизимлари ҳамда уларнинг бутловчи қисмларига тааллуқли бўлади.

Фильтратларни қайта ишлаш ва сувдан такроран фойдаланиш

Ҳужжатда иссиқхоналарнинг иситиш тизимларидаги фильтрларда ҳосил бўладиган хавфли суюқ чиқиндилар ва гидропоника тизимларидан чиқадиган оқова сувлар — фильтратларни тозалаш, кейинчалик улардан техник сув сифатида фойдаланиш назарда тутилган.

2027 йил 1 январга қадар Оҳангарон туманидаги экосаноат зонаси ҳудудида фильтратларни вақтинча сақлаш учун резервуар қуриш ва уни фойдаланишга топшириш режалаштирилган. 2027 йил 1 июнга қадар танлов асосида уларни қайта ишлаш билан шуғулланадиган корхона-оператор аниқланади.

Тошкент вилояти ҳокимлиги жорий йилнинг 1 ноябрига қадар экосаноат зонасидан ер участкаси ажратиши керак.

Резервуар қурилиши шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя қилган ҳолда, лойиҳа ҳужжатлари асосида босқичма-босқич амалга оширилиши мумкин.

Мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча иссиқхона хўжаликлари ҳосил бўладиган фильтратларни белгиланган тарифлар бўйича тайинланган операторга топшириши шарт бўлади.

Экология қўмитаси маълум қилишича, иссиқхона хўжаликларини модернизация қилиш замонавий тозалаш тизимлари, автоматик мониторинг ва энергия самарадор технологияларни жорий этиш орқали Тошкент шаҳри ҳамда унга туташ ҳудудларда ҳаво сифатини яхшилашга хизмат қилиши керак.

Идора таъкидлашича, янги чора-тадбирлардан мақсад тадбиркорликни ривожлантириш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқи ўртасидаги мувозанатни таъминлашдан иборат.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.