Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Жаҳон банки делегацияси қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаси доирасида Наманганга ташриф буюрди

UzDaily · 17.06.2026 · 19:35 · 29 views
Жаҳон банки делегацияси қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаси доирасида Наманганга ташриф буюрди

Жаҳон банки делегацияси қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаси доирасида Наманганга ташриф буюрди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси ҳамда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида амалга оширилаётган “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Жаҳон банки вице-президенти жаноб Акиҳико Нишио бошчилигидаги делегация Наманган шаҳрида муносиб кутиб олинди.

Делегациянинг дастлабки манзили Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи бўлиб, меҳмонлар бу ерда ўтказилаётган 65-Халқаро "Гуллар фестивали"нинг бетакрор манзаралари билан яқиндан танишдилар. Ранг-баранг гуллар композициялари, нафис безаклар ва фестивалнинг ўзига хос муҳити хорижий меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Зухриддин Бахриддинов ҳамда шаҳар ҳокими Аюбхон Камалов ҳамроҳлигида фестивал ҳудуди бўйлаб сайр қилган делегация аъзолари Наманганнинг ободонлаштириш борасидаги ишлари, шаҳар маданий қиёфаси ва халқаро фестивалнинг юксак савияда ташкил этилганини юқори баҳоладилар.

Мулоқотлар давомида меҳмонлар хизмат сафари айнан 65-Халқаро "Гуллар фестивали" кунларига тўғри келганидан мамнун эканликларини билдириб, Наманганнинг ўзига хос гўзаллиги ва меҳмондўстлик муҳити уларда унутилмас таассурот қолдирганини таъкидладилар.

Мазкур ташриф халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ҳудудларда инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган истиқболли лойиҳаларни самарали амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.

UzDaily · 👁 29 views · 17.06.2026 · 19:35