Фарғона вилояти ва Henan Bio-Industry Group гуруҳи агросаноат лойиҳаларини ишга туширади
Фарғона вилояти ва Henan Bio-Industry Group гуруҳи агросаноат лойиҳаларини ишга туширади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров мамлакатимизга ташриф буюрган хорижий давлатларнинг йирик компаниялар раҳбарлари ва ишбилармон доира вакиллари билан учрашиб, ҳамкорликнинг янги босқичи учун муҳим келишувларга эришилмоқда.
Хитойнинг "Henan Bio-Industry Group" компанияси раҳбари Ду Юнбин билан ўтказилган учрашувда Фарғона вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасида истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Вилоят ҳокими компаниянинг Фарғона вилоятига қизиқиш билдириб, инвестиция киритиш ташаббуси билан чиққанини юқори баҳолади. Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари жадал суръатларда ривожланаётгани, бу эса ҳудудлараро ҳамкорлик учун кенг имкониятлар яратаётганини таъкидлади.
Учрашувда Фарғона вилоятида хорижий инвесторлар, жумладан, хитойлик тадбиркорлар учун қулай ишбилармонлик муҳити шакллантирилгани қайд этилди. Вилоятда саноатнинг барча тармоқлари ривожланган бўлиб, ҳудудларда замонавий саноат зоналари фаолият юритаётганлиги, хитойлик инвесторларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус марказ ташкил этилгани, мазкур марказ томонидан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёнларида амалий кўмак кўрсатилиши маълум қилинди.
Ду Юнбин компания томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, уларни қайта ишлаш ҳамда юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилаётганини билдирди.
Мулоқот якунида мазкур ташаббусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, музокараларни Фарғона вилоятида давом эттиришга келишилди.