Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти Кореянинг HANUL Co., Ltd, D&B CO., LTD ва HSG Group компаниялари билан ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзолади. Ҳужжатлар Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг Корея Республикасига амалий ташрифи доирасида тузилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Ташриф давомида Хайрулло Бозоров компаниялар раҳбарлари Хан Ён Дон, Син Ён Хи ва Квон Кён Мин билан музокаралар ўтказди. Томонлар Фарғона вилоятида бир қатор ишлаб чиқариш йўналишларида янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилди.
Хусусан, нам салфеткалар ва бошқа гигиена маҳсулотларини ишлаб чиқариш, нон-булка ва қандолат маҳсулотлари тайёрлаш, шунингдек, тўқимачилик саноатини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Корея бизнеси вакиллари ўз компанияларининг фаолияти, ишлаб чиқариш тажрибаси ва фойдаланилаётган замонавий технологиялар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, улар кейинги ҳамкорлик доирасида Фарғона вилоятида амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳаларни тақдим қилди.
Хайрулло Бозоров тақдим этилган ташаббусларни истиқболли деб баҳолаб, уларни ҳудудда амалга ошириш имкониятларини ҳар томонлама ўрганиш зарурлигини таъкидлади. Вилоят раҳбари компаниялар вакилларини ҳамкорликдаги ишларни давом эттириш учун Фарғонага ташриф буюришга таклиф қилди.
HANUL Co., Ltd, D&B CO., LTD ва HSG Group билан ўтказилган музокаралар якунлари бўйича томонлар ҳамкорлик тўғрисида меморандумларни имзолади.