Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент Ботаника боғининг буфер ҳудудида 50 сотих майдонни эгаллаган участкада сув ҳавзасини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.
Бунда боғнинг дарахт ва буталардан иборат илмий коллекциясига зарар етказилмаяпти. Бу ҳақда Фанлар академияси Ахборот хизмати маълум қилди.
Агентлик маълум қилишича, сув ҳавзаси барпо этилаётган участка Ботаника боғининг коллекция ҳудудларига кирмайди. Унда асосан табиий ҳолда ўсадиган ўсимликлар, жумладан, қорақат, қамиш ва бошқа ёввойи турлар мавжуд.
Фанлар академияси маълумотига кўра, ишлар олиб борилаётган ҳудудда Ботаника боғининг илмий коллекциясига кирувчи дарахт ва буталар мавжуд эмас.
Ишлар экология соҳаси мутахассислари билан ҳамкорликда олиб борилмоқда. Ишларни ташкил этишда экологик талаблар ҳисобга олинмоқда, шунингдек, мавжуд яшил ҳудудларга зарар етказилишининг олдини олиш назорат қилинмоқда.
Сув ҳавзасини барпо этишдан асосий мақсад сув ўтлари экотизимини, шунингдек, сув ҳавзалари яқинида ўсадиган дарахт ва буталарни шакллантириш ҳамда ўрганишдан иборат. Олинган натижалар асосида тегишли тавсиялар ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.
Илмий вазифасидан ташқари, янги сув ҳавзаси Ботаника боғи ҳудудида микроиқлим барқарорлигини сақлашга ҳам хизмат қилиши кутилмоқда.
Фанлар академияси Ахборот хизмати, шунингдек, ОАВ вакиллари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини ахборот тарқатишда ишончли ва расмий манбаларга таянишга ҳамда текширилмаган маълумотларни тарқатмасликка чақирди.