Юнусободда янги ижтимоий хизматлар маркази очилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида янги Ҳудудий ижтимоий хизматлар маркази иш бошлади. У ерда аҳоли ижтимоий ва реабилитация ёрдами, шунингдек, парвариш хизматларини бир жойнинг ўзида олиши мумкин.
Марказда фуқароларга 10 дан ортиқ турдаги хизматлар бепул кўрсатилади. Улар орасида болалар ва катталарни реабилитация қилиш, кундузги парвариш, эрта аралашув ҳамда психоижтимоий реабилитация хизматлари бор.
Шунингдек, марказда Япония тажрибасидан фойдаланган ҳолда катталар учун кундузги парвариш ва реабилитация хизматлари йўлга қўйилган.
Ҳудудий марказ бир йилда қарийб 10 минг нафар кишига хизмат кўрсатишга мўлжалланган. Унинг ташкил этилиши ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш ҳамда зарур ёрдамни қулай ва комплекс шаклда кўрсатишга қаратилган.
Айни пайтда янги форматдаги марказлар Андижон, Жиззах, Нурафшон, Шайхонтоҳур ва Юнусободда фаолият юритмоқда. 2026 йил давомида яна 20 та шундай марказ очиш, кейинги икки йилда эса қўшимча 70 та марказ ташкил этиш режалаштирилган.
Марказлар тармоғини ривожлантириш аҳоли учун ижтимоий ва реабилитация хизматлари, шунингдек, парвариш ёрдамига янада қулай эришиш имкониятини таъминлашга қаратилган.