Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2027 йил 1 январдан Ўзбекистонда электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозорига босқичма-босқич ўтишнинг биринчи босқичи — «икки томонлама шартномалар асосида харид қилиш» механизми ишлай бошлайди. Йирик истеъмолчилар электр энергиясини хусусий ишлаб чиқарувчилардан томонлар келишган нархларда тўғридан-тўғри харид қилиши, кичик ва микроэлектр станциялар эса ўз ҳудудидаги корхоналарга электр энергиясини сотиши мумкин бўлади.
Ушбу босқич учун бозор қоидалари Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 сентябрдаги 527-сон қарори билан тасдиқланган.
Ҳужжат «Электр энергетикаси тўғрисида»ги қонун ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган бўлиб, 2023–2030 йилларга мўлжалланган электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозори механизмларига босқичма-босқич ўтиш концепциясига асосланади. Мазкур концепция Президентнинг 2023 йил 28 сентябрдаги ПФ-166-сон фармони билан тасдиқланган.
Кимлар тўғридан-тўғри шартнома тузиши мумкин
Улгуржи бозорда икки томонлама шартномалар мустақил ишлаб чиқарувчилар ва йирик истеъмолчилар ўртасида тузилади. Қоидаларда мустақил ишлаб чиқарувчи лицензия асосида фаолият юритадиган ва электр энергиясини узоқ муддатли кафолатланган харид қилиш тўғрисида шартнома имзоламаган хусусий корхона сифатида белгиланган.
Йирик истеъмолчи кучланиши 6 кВ ва ундан юқори бўлган тармоқларга уланган ҳамда йилига камида 10 млн кВт·соат электр энергияси истеъмол қиладиган корхона ҳисобланади. Бюджетдан молиялаштириладиган бюджет ва коммунал ташкилотлар, сув таъминоти объектлари ва насос станциялари, фермер хўжаликлари ҳамда мобил алоқа операторлари ушбу тоифага кирмайди.
Чакана бозорда қуввати 5 МВтгача бўлган кичик ва микроэлектр станциялар электр энергиясини шартнома асосида белгиланган нархларда шу ҳудуддаги тақсимлаш тизими оператори тармоқларига уланган истеъмолчиларга сотиши мумкин бўлади. Бунда маиший истеъмолчилар ушбу тоифага киритилмайди.
Шартномалар шартлари
Икки томонлама шартномалар бўйича нархлар эркин шаклланади. Шартноманинг амал қилиш муддати бир йилдан ошмаслиги керак, етказиб бериш ҳажмлари эса ҳар бир соат учун режалаштирилади ва тўланади. Шартнома шартлари диспетчерлик бошқаруви талаблари ва тармоқларга уланиш қоидаларига зид бўлмаслиги лозим.
Ишлаб чиқарувчи турли харидорлар билан бир нечта шартнома тузиши, жумладан, ҳар бир электр станцияси бўйича алоҳида шартномалар тузиши мумкин. Бироқ сотувнинг умумий ҳажми станциянинг амалдаги ишлаб чиқариш ҳажмидан ошмаслиги керак. Йирик истеъмолчи ҳам бир вақтнинг ўзида бир нечта ишлаб чиқарувчидан электр энергияси харид қилиши мумкин, аммо бу ҳажм унинг амалдаги истеъмоли доирасида бўлиши лозим. Электр энергиясини узатиш ва тақсимлаш учун тўловни томонлар шартнома асосида ўзаро тақсимлайди.
Шартнома бозор оператори томонидан рўйхатдан ўтказилган пайтдан кучга киради. Ушбу босқичда бозор оператори вазифасини барча акциялари давлатга тегишли бўлган марказий харидор — «Ўзэнергосотиш» АЖ бажаради. Савдо операциялари «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг CAS ва Billing тизимларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
Қолган ҳажмлар билан нима бўлади
Тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотилмаган электр энергиясини марказий харидор тартибга солинадиган тарифлар бўйича, чакана бозорда эса белгиланган етказиб берувчи харид қилади. Харидорлар ҳам етишмаётган ҳажмларни шу тартибда қўшимча харид қилади. Давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган электр станциялари ишлаб чиқарган барча электр энергиясини тартибга солинадиган тарифлар бўйича марказий харидорга сотишда давом этади.
Истеъмолчилар, жумладан, йирик истеъмолчилар ўзларига тегишли қайта тикланувчи энергия манбалари асосидаги қурилмаларда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ортиқча ҳажмини тартибга солинадиган тариф бўйича сотиши мумкин. Марказий харидорга бирор шахсга асоссиз имтиёзлар, преференциялар ёки камситувчи шартларни тақдим этиш тақиқланади.
Ҳажмлар ва графикларни солиштириш
Бозор оператори шартномалар бўйича соатлик графикларни ҳар куни текширади. Сотув ҳажми харидорнинг режалаштирилган харид ҳажмидан, харид эса унинг режалаштирилган истеъмолидан ошмаслиги керак. Тафовутлар аниқланган тақдирда, томонлар етказиб беришдан олдинги кун соат 11:00 гача тузатилган маълумотларни тақдим этиши шарт. Агар бу амалга оширилмаса, оператор белгиланган формулалар асосида ҳажмларни мустақил равишда тўғрилайди ва соат 12:00 гача томонларга келишилган графикларни юборади.
Қуёш ва шамол электр станциялари, энергияни сақлаш тизимлари ҳамда йирик истеъмолчилар ҳар куни соат 10:00 гача тизим операторига кейинги сутка учун қувват прогнози, етказиб бериш кунида эса тўрт соат, бир соат ва 15 дақиқа олдинги даврлар учун прогнозларни тақдим этади. Амалдаги ишлаб чиқариш ёки истеъмол ҳажмининг прогноздан оғиши белгиланган меъёрдан ошиб кетса, тизим оператори қувватни чеклаши мумкин. Электр станциялари ва йирик истеъмолчилар авариялар ҳамда ускуналар ҳолатидаги ўзгаришлар ҳақида беш дақиқа ичида хабар бериши шарт.
Тармоқларни хусусий бошқарувга бериш
Қоидалар тақсимлаш тизими оператори объектларини ёки унинг устав капиталидаги улушини хусусий секторга ишончли бошқарувга беришга рухсат этади. Бундай ҳолатда тақсимлаш хизматлари учун ҳисоб-китоблар ушбу хизматларни кўрсатиш бўйича шартномалар шартларига мувофиқ амалга оширилади.
Низолар
Улгуржи бозор мониторингини Энергетика бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги олиб боради. Бозор оператори ўз веб-сайтида иштирокчилар реестрини, электр энергиясининг амалдаги харид ва сотув ҳажмларини ҳамда бозор фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни эълон қилади ва маълумотларни камида беш йил сақлайди.
Бозор иштирокчилари низоларни дастлаб ўзлари ҳал қилишга ҳаракат қилади, шундан сўнг агентликка мурожаат қилишлари мумкин. Агентлик икки иш куни ичида муҳокама ўтказишни белгилайди, у ариза берилганидан кейин беш иш куни ичида ўтказилиши керак. Агар 30 кун ичида келишувга эришилмаса, ариза берувчи судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Агентликка вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ўз норматив ҳужжатларини мазкур қарорга мувофиқлаштириш топширилди.