Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тиббиёт ва фармацевтика соҳасини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Туркиянинг Golgi Health компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди. Унда томонлар соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Тиббиёт ва фармацевтика соҳасини ривожлантириш агентлиги хабар берди.
Музокаралар давомида иштирокчилар компаниянинг Ўзбекистон билан ҳамкорликда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширган лойиҳалари ва ишлари натижаларини, ҳамкорликнинг жорий йўналишларини, шунингдек, истиқболдаги режаларни кўриб чиқди.
Ўзбекистонда замонавий лаборатория ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар, шунингдек, илмий-тадқиқот йўналишларини ривожлантириш, янги технологияларни жорий этиш ва мутахассисларнинг касбий салоҳиятини ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Бундан ташқари, учрашув иштирокчилари ҳамкорликни янада кенгайтириш, илмий тадқиқотлар натижалари ва тажриба алмашинувини фаоллаштириш имкониятларини кўриб чиқди.
Музокаралар якунлари бўйича томонлар соғлиқни сақлаш соҳасида инновацион ечимларни биргаликда ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди.