Иқтисод

Сенат ИҲТ Тоза энергия маркази Уставини маъқуллади

Сенат ИҲТ Тоза энергия маркази Уставини маъқуллади
Сенат ИҲТ Тоза энергия маркази Уставини маъқуллади / Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида “Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Тоза энергия маркази Уставини (2021 йил 27 ноябрь, Ашхобод) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Мазкур Устав Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида тоза ва қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда паст углеродли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини белгилайди.

Уставга мувофиқ Тоза энергия маркази аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорликни мувофиқлаштиради, қайта тикланувчи энергетика ва энергия самарадорлиги бўйича минтақавий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга кўмаклашади, халқаро молиявий ва техник ресурсларни жалб этиш, шунингдек, энергетика соҳасида тажриба ва маълумот алмашинувини ривожлантиришга кўмаклашади.

Уставнинг ратификация қилиниши Ўзбекистоннинг Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар билан “яшил” энергетика соҳасидаги ҳамкорлигини кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, халқаро молиявий ресурслар, грантлар ва инвестицияларни жалб этиш имкониятларини оширади.

Шу билан бирга, илмий-тадқиқот ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш, илғор технология ва тажрибаларни жорий этиш ҳамда иқлим ўзгаришига қарши минтақавий саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун янги имкониятлар яратилади.

Сенаторлар таъкидлаганидек, мазкур ҳужжатнинг амалга киритилиши мамлакатимизнинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш, энергия самарадорлигини ошириш ва паст углеродли ривожланиш бўйича мақсадларини рўёбга чиқариш, шунингдек, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида энергетика соҳасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга замин яратади.

Сенаторлар Қонунни маъқуллади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.