Ўзбекистон

Ўзбекистонда талабаларга ижара компенсацияси муддати узайтирилади

Ўзбекистонда талабаларга ижара компенсацияси муддати узайтирилади
Ўзбекистонда талабаларга ижара компенсацияси муддати узайтирилади / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда ётоқхонадан жой олмаган талабаларга ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш учун ариза топшириш муддатлари узайтирилади.

Шунингдек, сентябрь ойи учун тўловларни амалга ошириш муддати ҳам узайтирилади. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ижтимоий тармоқларда ушбу аризаларни топшириш имконияти чеклангани ҳақида тарқалаётган хабарларга муносабат билдириб, маълум қилди.

Амалдаги тартибга кўра, давлат олий таълим ташкилотларининг ётоқхонадан жой билан таъминланмаган талабалари турар жой ижараси харажатларининг бир қисмини қоплаш ҳуқуқига эга. Компенсация ижара шартномаси асосида эгаллаб турилган турар жой учун берилади.

Вазирликда маълум қилинишича, муддатларни узайтириш тўғрисидаги қарор талабалардан келиб тушаётган мурожаатлар инобатга олинган ҳолда қабул қилинган.

Ариза топширишнинг янги муддатлари ҳамда сентябрь ойи учун тўловларни амалга ошириш санаси яқин вақт ичида расман эълон қилинади.

Вазирлик тартиб ва муддатлар бўйича қўшимча маълумотлар расмий эълондан сўнг талабаларга етказилишини таъкидлади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.