Ўзбекистон

ШҲТ давлатлари бош прокурорларининг кейинги йиғилиши Ўзбекистонда ўтказилади

ШҲТ давлатлари бош прокурорларининг кейинги йиғилиши Ўзбекистонда ўтказилади
ШҲТ давлатлари бош прокурорларининг кейинги йиғилиши Ўзбекистонда ўтказилади / Фото: ШҲТ.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қозон шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар бош прокурорларининг 24-йиғилиши Ўзбекистон вакиллари иштирокида бўлиб ўтди.

Тадбирда Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ваколатли органлари вакиллари, шунингдек, ШҲТ Котибияти ва ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси вакиллари иштирок этди.

Кузатувчи сифатида Монголия делегацияси қатнашди. Озарбайжон, Қатар, Лаос, Мальдив ороллари, Мьянма, Непал, Саудия Арабистони, Туркия ва Шри-Ланка вакиллари ШҲТнинг мулоқот бўйича ҳамкорлари сифатида иштирок этди.

Учрашувнинг асосий мавзуси вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуққа хилоф контент тарқалишининг олдини олиш ҳамда анъанавий оилавий қадриятларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалалар бўлди.

Иштирокчилар ҳуқуқни қўллаш соҳасидаги тажриба алмашди, ёшларга деструктив таъсир кўрсатилишининг олдини олиш бўйича амалий чораларни муҳокама қилди ва кейинги ҳамкорлик йўналишларини белгилади.

Йиғилиш якунлари бўйича иштирокчилар вояга етмаганларни уларга зарар етказиши мумкин бўлган материаллардан ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутувчи протоколни имзолади. Томонлар интернетда бундай контентни аниқлаш, чеклаш ва тарқалишининг олдини олиш соҳасида ахборот, тажриба ва ҳуқуқни қўллаш фаолияти натижалари билан алмашишга келишиб олди.

ШҲТга аъзо давлатлар прокуратураларининг таълим, илмий-таълим ва илмий-амалий ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, тажриба алмашиш ва вояга етмаганлар учун хавфсиз ахборот муҳитини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида қўшма тадбирлар ўтказиш режалаштирилди.

ШҲТга аъзо давлатлар бош прокурорларининг навбатдаги йиғилиши 2027 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтади.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти 2001 йилда ташкил этилган.

Ҳозирги вақтда унга ўнта давлат: Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо ҳисобланади.

ШҲТга аъзо давлатлар бош прокурорларининг биринчи йиғилиши 2002 йилда Шанхай шаҳрида бўлиб ўтган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.