Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Яроқлилик муддати ўтган товарларни сотишга қарши чоралар кучайтирилмоқда

UzDaily · 17.06.2026 · 21:25 · 34 views
Яроқлилик муддати ўтган товарларни сотишга қарши чоралар кучайтирилмоқда

Яроқлилик муддати ўтган товарларни сотишга қарши чоралар кучайтирилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Депутатлар яроқлилик муддати ўтган ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ҳолда товарларни реализация қилиш ҳамда сотишнинг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди.

Таъкидланганидек, амалда яроқлилик муддати ўтган, ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилиши шартлиги белгиланган товарларни уларнинг ишлаб чиқарилган санаси ва  яроқлилик муддатини кўрсатмаган ҳолда реализация қилиш ва сотишга қабул қилганлик учун жавобгарлик белгиланган.

Бироқ шунга қарамай, бугунги кунда айрим савдо дўконларида ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилиши шартлиги белгиланган товарларни ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ҳолда реализация қилиш ва сотиш учун қабул қилиш натижасида инсон саломатлигига таъсир этувчи ҳолатлар ошиб бормоқда.

Мазкур ҳолатлар истеъмол бозорида хавфсизликни таъминлашни, аҳоли саломатлигига хавф туғдирувчи ҳолатларнинг олдини олишни, тадбиркорлик субъектларининг масъулиятини янада ошириш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган превентив чораларни кучайтиришни тақозо этмоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси эса истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш, товарларнинг яроқлилик муддатига оид талабларга қатъий риоя этилишини таъминлашга қаратилган.

Қонун лойиҳаси билан “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 178-моддасига тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда. Хусусан, яроқлилик муддати ўтган, шунингдек, ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилиши шартлиги белгиланган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ҳолда реализация қилиш ва сотиш мақсадида қабул қилганлик учун маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича жарималар миқдорини ошириш назарда тутиляпти. Ҳужжатнинг асосий мақсади аҳоли саломатлиги ва ҳаётини мустаҳкамлашдан иборат.

Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг аҳамияти, айни чоғда заруратини эътиборга олиб, ундаги айрим нормалар бўйича қонун ташаббускорларига аниқлаштирувчи саволлар берди. Хусусан, 178-модданинг еттинчи қисмида яроқлилик муддати ўтган ёки муддати кўрсатилиши шарт бўлган ҳолатлар бўйича қоидалар бузилган ҳолатда жавобгарлик кучайтирилаётгани, бироқ ушбу модданинг олтинчи қисмида худди шу масала учун жавобгарлик кучайтириш назарда тутилмаётгани билан боғлиқ масалалар кўтарилди. Шунингдек, лойиҳани янада такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

UzDaily · 👁 34 views · 17.06.2026 · 21:25