Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Янги Тошкент ва ТТЗга метро fast-track усулида қурилади

UzDaily · 22.06.2026 · 23:30 · 21 views
Янги Тошкент ва ТТЗга метро fast-track усулида қурилади

Янги Тошкент ва ТТЗга метро fast-track усулида қурилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрида метро тармоғини кенгайтириш ишларини жадаллаштириш режалаштирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарор лойиҳасига кўра, «Технопарк – Янги Тошкент» ва «Пушкин – ТТЗ» янги метро йўналишлари fast-track усули асосида қурилади.

Мазкур ёндашув лойиҳалаш ва қурилиш-монтаж ишларини бир вақтнинг ўзида амалга оширишни назарда тутади. Бу эса маъмурий жараёнларни қисқартириш ва йирик инфратузилма объектларини барпо этиш муддатларини сезиларли даражада тезлаштириш имконини беради.

Лойиҳалар пойтахт транспорт тизими учун стратегик аҳамиятга эга ҳисобланади. «Пушкин – ТТЗ» йўналишининг узунлиги 11 километрни ташкил этиб, унда 10 та станция ва алоҳида депо қурилиши кўзда тутилган. «Технопарк – Янги Тошкент» тармоғи эса 21 километрга чўзилиб, 9 та станция ҳамда хизмат кўрсатувчи депога эга бўлади.

Ҳар икки лойиҳанинг ягона буюртмачиси этиб Янги Тошкент шаҳрини қуриш дирекцияси белгиланган. Қурилиш ишлари Европа шаҳарсозлик стандартлари ва талабларига қатъий мувофиқ равишда амалга оширилиши белгиланмоқда.

Янги Тошкентгача бўлган метро йўналишининг биринчи босқичини 2026 йилнинг ўзида ишга тушириш режалаштирилган. Лойиҳани тўлиқ фойдаланишга топшириш муддати эса 2028 йил 1 сентябрь этиб белгиланган.

Йирик қурилиш ишлари бошланиши муносабати билан Кадастр агентлиги, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимликлари ҳамда бошқа мутасадди идораларга бир ой муддат ичида метро трассаси ўтадиган ҳудудлардаги ер участкалари, бинолар, иншоотлар ва яшил ҳудудларни тўлиқ хатловдан ўтказиш топширилган.

Ҳукумат мулкдорлар ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши таъминланишини таъкидламоқда. Жисмоний ва юридик шахсларга етказилиши мумкин бўлган зарарни қоплаш бўйича манзилли компенсация режаси уч ой ичида ишлаб чиқилиб, ҳукуматга тақдим этилади. Шунингдек, қурилиш учун зарур бўлган айрим қишлоқ хўжалиги ерларининг тоифасини ўзгартириш масаласи ҳам ҳал этилади.

Қурилиш ишлари даврида ер усти транспорти ҳаракати ва логистика схемаларига вақтинчалик ўзгартишлар киритилади. Транспорт вазирлиги узлуксиз ҳаракатни таъминлаш мақсадида айланма йўналишларни ишлаб чиқмоқда. Хусусан, ТТЗ йўналиши қурилиши доирасида маҳаллий автостанциянинг маъмурий биноси қурилиш дирекцияси ихтиёрига берилади, автобус йўналишлари эса вақтинча бошқа йўналишларга кўчирилади.

Муқобил транспорт тугунлари сифатида Қибрай автостанцияси ҳамда Қадрдон ва Гулсанам кўчалари кесишмасида барпо этиладиган янги транспорт марказидан фойдаланилади. Шу билан бирга, йўловчилар учун янги метро станцияларига брутто-контракт тизими асосида ишловчи автобус йўналишлари йўлга қўйилади.

Лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида газ, сув таъминоти, электр энергияси ва телекоммуникация тармоқларини кўчириш бўйича кенг кўламли ишлар ҳам бошланади. Бу харажатлар коммуникация эгалари маблағлари ҳамда 2027 йил учун республика бюджети ҳисобидан ажратиладиган мақсадли маблағлар орқали қопланади.

UzDaily · 👁 21 views · 22.06.2026 · 23:30