Ипотека субсидияси учун аризалар қабули 27 июлдан бошланади
Ипотека субсидияси учун аризалар қабули 27 июлдан бошланади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда 27 июль куни соат 15:00 дан ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун аризалар қабули қайта бошланади. Молиялаштириш давлат томонидан қўллаб-қувватлаш дастурининг мақсадли кўрсаткичлари доирасида аввал ажратилган, аммо фойдаланилмай қолган билдиришномалар лимити ҳисобидан амалга оширилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилишича, субсидия олиш учун ариза берувчи ижтимоий мезонлар бўйича баҳолаш якунларига кўра камида 30 балл тўплаши, шунингдек, дастурда иштирок этаётган камида битта тижорат банкининг кредит тарихи бўйича талабларига жавоб бериши лозим.
Мажбурий шартлардан бири сифатида ариза берувчи ва унинг турмуш ўртоғи номида Ўзбекистон ҳудудида турар жой кўчмас мулки мавжуд бўлмаслиги белгиланган. Бундан ташқари, оиланинг ўртача ойлик даромади дастурда белгиланган ижтимоий мезонларга мувофиқ бўлиши керак.
Аризани Давлат хизматлари марказлари, myGov мобил иловаси ёки my.gov.uz Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали топшириш мумкин.
Аризалар қабули 27 июль куни соат 15:00 да бошланади.