Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Тошкент — Ош йўлига «ақлли» светофорлар ўрнатилди

UzDaily таҳририяти · 24.07.2026 · 22:25 · 24 views
Тошкент — Ош йўлига «ақлли» светофорлар ўрнатилди

Тошкент — Ош йўлига «ақлли» светофорлар ўрнатилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилоятида йўл инфратузилмасини модернизация қилиш ишлари давом этмоқда. А-373 Тошкент — Ош автомобиль йўлининг 3–9-километрлар оралиғида жойлашган тартибга солинадиган пиёдалар ўтиш жойларида замонавий интеллектуал светофор мажмуалари ишга туширилди.

Янги тизимлар светофор объектларини марказлашган ҳолда бошқариш, транспорт оқимини тезкор тартибга солиш, тирбандликлар юзага келиш эҳтимолини камайтириш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш имконини беради.

Шунингдек, интеллектуал светофорларни жорий этиш йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини кучайтириш, пиёдалар ва ҳайдовчилар хавфсизлигини янада таъминлашга қаратилган.

Мутасадди идорада таъкидланишича, замонавий технологиялар йўлларда хавфсизликни оширишга хизмат қилади. Бироқ йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишнинг асосий шарти барча йўл ҳаракати иштирокчиларининг масъулиятли хулқ-атвори бўлиб қолмоқда.

Ҳайдовчилар ва пиёдалар светофор сигналларига қатъий амал қилиш, йўлда доимо эътиборли бўлиш ҳамда бир-бирига ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақирилди.