IMAN Adl Neo сервиси имкониятларига аниқлик киритди
IMAN Adl Neo сервиси имкониятларига аниқлик киритди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — IMAN компанияси 2026 йил 18 июнь куни янги маҳсулотлар қатори таркибида тақдим этилган Adl Neo сервиси юзасидан расмий баёнот билан чиқди. Изоҳ беришга оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда сервис имкониятлари ҳақида эълон қилинган материаллар сабаб бўлди.
Компания таъкидлашича, Adl Neo банк эмас ва Ўзбекистон Республикасининг «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ банк лицензиясини талаб қиладиган фаолиятни амалга оширмайди.
Шунингдек, IMAN сервис тавсифида «ислом банки» ва «необанк» атамаларидан фойдаланишдан воз кечганини маълум қилди. Компания баҳосига кўра, ушбу атамалар сервиснинг ҳақиқий имкониятларини тўлиқ акс эттирмайди.
Компания қайд этишича, Adl Neo ривожланишининг жорий босқичида виртуал ва жисмоний банк карталарини чиқаришни назарда тутмайди, P2P ўтказмаларини қўллаб-қувватламайди ҳамда стандарт банк хизматларини бевосита кўрсатмайди.
Баёнотда маҳсулот Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилиги талабларига мувофиқ равишда босқичма-босқич ривожлантирилиши таъкидланган.
Бундан ташқари, IMAN айрим манбаларда аввал тарқатилган маълумотлар сервиснинг ҳақиқий имкониятларини тўлиқ акс эттирмаганини билдирди. Компаниянинг таъкидлашича, мазкур баёнот фойдаланувчилар ўртасида юзага келган тушунмовчиликларни бартараф этиш ва маҳсулот ҳақида ишончли маълумот тақдим этиш мақсадида эълон қилинган.
Компания ўзининг барча маҳсулотлари ва сервислари Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига қатъий мувофиқ ҳолда ишлаб чиқилаётганини алоҳида таъкидлади.