Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистон Президенти Озарбайжон билан амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади

UzDaily таҳририяти · 18.07.2026 · 15:20 · 28 views
Ўзбекистон Президенти Озарбайжон билан амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади

Ўзбекистон Президенти Озарбайжон билан амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 июль куни амалий ташриф билан мамлакатимизга келган Озарбайжон Республикаси иқтисодиёт вазири Микойил Жабборовни қабул қилди.

Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон – Озарбайжон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини, аввало, савдо-иқтисодий соҳада янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Ўтган йилда товар айирбошлаш ҳажми 15 фоизга ошди, жорий йилнинг ўтган даврида эса ўсиш қарийб 40 фоизни ташкил этди.

Қурилиш, энергетика, геология, логистика, молия, ёқилғи, тўқимачилик, туризм ва бошқа тармоқларда, шу жумладан, қўшма Инвестиция компанияси иштирокида кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Бўлажак олий даражадаги учрашувларнинг иқтисодий кун тартибини пухта тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди.

Шу маънода, бугун бўлиб ўтган Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишларининг якунлари юксак баҳоланди. Шунингдек, икки мамлакат ҳудудлари форуми натижадор ўтишини таъминлаш зарурлиги қайд этилди.