Венесуэлада зилзила қурбонлари сони 3,3 мингдан ошди
Венесуэлада зилзила қурбонлари сони 3,3 мингдан ошди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 24 июнь куни Венесуэлада содир бўлган вайронкор зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 3 342 нафарга етди. Бу ҳақда Венесуэла Боливар Республикаси Миллий ассамблеяси (парламент) раиси Хорхе Родригес ҳукумат маълумотларига таяниб, X ижтимоий тармоғида маълум қилди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
«3 342 нафар ҳалок бўлди, 16 740 киши жабрланди, 6 462 нафар инсон қутқарилди», — дейилади Миллий ассамблея раиси Хорхе Родригес ўзининг Telegram-каналида эълон қилган ҳужжатда.
Сўнгги икки сутка давомида тирик ҳолда қутқарилганлар сони ўзгармаган, ҳалок бўлганлар сони эса яна 388 нафарга кўпайган.
Расмий маълумотларга кўра, ҳозирга қадар 86 794 та оилага ёрдам кўрсатилган, 17 345 нафар киши эса уй-жойсиз қолмоқда. Табиий офат оқибатида 856 та бино шикастланган бўлиб, улардан 190 таси бутунлай вайрон бўлган. 24 июнь куни содир бўлган икки кучли зилзиладан кейин мамлакатда жами 995 та афтершок қайд этилган.
Фалокат оқибатларини бартараф этиш ишларида 4 088 нафар хорижлик қутқарувчи, шунингдек, 29 567 нафар ҳарбий хизматчи, фавқулодда хизматлар ходимлари ва бошқа мутахассислар иштирок этмоқда. Бундан ташқари, ишларга 27 482 нафар кўнгилли жалб қилинган.
Бошпанасиз қолган аҳолини жойлаштириш учун 79 та вақтинчалик лагер ташкил этилган. Ҳокимият жабрланган ҳудудларга 9 585 тонна озиқ-овқат ҳамда 669 008 литр ичимлик суви етказиб берган.