Вашингтон 1 сентябрни Ўзбекистон Мустақиллик куни деб эълон қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Вашингтон мери Муриэл Баузер 2026 йил 1-сентабрни АҚШ пойтахтида Ўзбекистон Мустақиллиги куни деб эълон қилиш тўғрисидаги декларацияни имзолади. Бу ҳақда Вашингтон мери декларациясида айтилади.
Ҳужжат Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан қабул қилинган. Унда мамлакатнинг маданий мероси, эришган ютуқлари, шунингдек, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик, дўстлик ва шериклик муносабатлари қайд этилган.
Декларацияда икки мамлакат халқларини бирлаштириб турадиган умумий мақсадлар ҳам таъкидланган.
Ўзбекистон томони Мюриэл Баузерга Ўзбекистон Мустақиллик кунини эътироф этгани учун миннатдорлик билдирди. Хабарда қайд этилишича, мазкур қарор Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар, хусусан, Ўзбекистон ва Вашингтон шаҳри ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ҳурмат ифодаси сифатида баҳоланмоқда.
«Бу юксак эътироф Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар, хусусан, Ўзбекистон ва Вашингтон шаҳри ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ҳурматнинг ёрқин ифодасидир», — дейилади хабарда.
Ўзбекистон томони, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва АҚШ пойтахти билан ҳамкорликни ривожлантиришга умид билдирди.
1 сентябрь Ўзбекистонда Давлат мустақиллиги куни сифатида нишонланади. 2026 йилда мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги нишонланмоқда.
Аввалроқ Сиэтл мэри Кэти Б. Уилсон ҳам 2026 йил 1 сентябрни шаҳарда Ўзбекистон Мустақиллик куни деб расман эълон қилган эди. Тегишли декларация Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган.