Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Ўзбекистон

Самарқанд делегацияси АҚШда соғлиқни сақлаш тажрибасини ўрганмоқда

Дилафруз Ниязова · 29.08.2026 · 16:45 · 27 views
Самарқанд делегацияси АҚШда соғлиқни сақлаш тажрибасини ўрганмоқда
Самарқанд делегацияси АҚШда соғлиқни сақлаш тажрибасини ўрганмоқда / Фото: Самарқанд вилоят ҳокимлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқанд вилояти делегацияси ишчи ташриф билан АҚШда бўлиб, соғлиқни сақлашни ташкил этишнинг илғор тажрибасини ўрганмоқда ҳамда америкалик ҳамкорлар билан янги лойиҳаларни муҳокама қилмоқда. Делегация таркибидан ҳокимлик, соғлиқни сақлаш тизими ва хусусий тиббиёт сектори, жумладан, «Meros International Hospital» клиникаси вакиллари ўрин олган.

Ташрифнинг асосий мақсадларидан бири АҚШнинг Project C.U.R.E. ташкилоти билан ҳамкорликни янада ривожлантириш, шунингдек, тиббиёт муассасаларини бошқариш, тиббий хизматлар кўрсатиш ва технологияларни жорий этишнинг замонавий ёндашувларини ўрганишдан иборат.

Бугунги ташриф учун замин жорий йил бошида Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоевнинг АҚШга ишчи сафари давомида яратилган. Ўшанда Project C.U.R.E. раҳбарияти билан музокаралар ўтказилиб, улар якунлари бўйича қатор келишувларга эришилган.

Шундан сўнг ташкилот мутахассислари Самарқанд вилоятидаги 10 та тиббиёт муассасасига ташриф буюриб, уларнинг тиббий жиҳозлар ва инвентарларга бўлган эҳтиёжини баҳолаган. Ушбу ишлар якунлари бўйича муассасаларга умумий қиймати 10 миллион долларлик жиҳозлар ва инвентарларни беғараз топшириш бўйича келишувга эришилган.

Ҳозирда тайёрланган жиҳозлар Project C.U.R.E. омборларида сақланмоқда ва уларни контейнерларда Самарқанд вилоятига етказиб бериш режалаштирилмоқда.

Жорий ишчи ташриф доирасида Project C.U.R.E. раҳбарияти ва мутахассислари, шунингдек, АҚШнинг етакчи тиббиёт муассасалари вакиллари билан учрашув ва музокаралар ўтказиш режалаштирилган. Делегация соғлиқни сақлашни бошқаришнинг замонавий моделлари, тиббий ёрдам кўрсатиш амалиёти, тиббий жиҳозлар логистикасини ташкил этиш, тиббиёт муассасаларини модернизация қилиш ва замонавий технологиялардан фойдаланиш билан танишиш ниятида.

Самарқанд вилоятининг хусусий тиббиёт секторини ривожлантириш алоҳида йўналиш бўлади. Вилоят вакиллари хусусий клиникаларда қўлланилаётган замонавий бошқарув ёндашувлари ва тиббий технологиялар, шунингдек, халқаро ҳамкорлик ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилади.

Бу йўналишда делегация таркибида хусусий тиббиёт сектори вакилларининг иштирок этиши муҳим аҳамиятга эга. Бу уларга америкалик ҳамкасблар билан тажриба алмашиш ва янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш имконини беради.

Ташриф давомида делегация Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасига ҳам бориб, Ўзбекистоннинг АҚШдаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Фурқат Сидиқов билан учрашди. Томонлар соғлиқни сақлаш соҳасида минтақалараро ҳамкорликни кенгайтириш, хорижда яшаётган ватандошларнинг касбий тажрибасидан фойдаланиш ва янги ташаббусларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.

Бундан ташқари, Islamic Relief USA ва Project C.U.R.E. вакиллари билан музокаралар ўтказилди. Иштирокчилар Самарқанд вилояти тиббиёт муассасаларини замонавий жиҳозлар ва зарур воситалар билан таъминлаш, гуманитар тиббий ёрдамни кенгайтириш ҳамда ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Ташриф якунлари бўйича Project C.U.R.E. билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, вилоят тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини янгилаш ҳамда давлат ва хусусий соғлиқни сақлаш тизимида замонавий амалиётларни жорий этиш кутилмоқда.