Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Иқтисод

Uzbekistan Airways ўқув марказига Boeing 787-9 тренажёри ўрнатади

Дилафруз Ниязова · 29.08.2026 · 16:25 · 38 views
Uzbekistan Airways ўқув марказига Boeing 787-9 тренажёри ўрнатади
Uzbekistan Airways ўқув марказига Boeing 787-9 тренажёри ўрнатади / Фото: Uzbekistan Airways.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Uzbekistan Airways Тошкентдаги авиакомпаниянинг Ўқув-машғулот марказига Марказий Осиёдаги Boeing 787-9 Dreamliner самолётлари учун биринчи тўлиқ функционал FFS тренажёрини ўрнатади. Бу ҳақда авиакомпания Dreamliner самолётларидан фойдаланиш бошланганига 10 йил тўлишига бағишланган тадбирда маълум қилди.

Тренажёрни харид қилиш Uzbekistan Airwaysнинг Boeing компанияси билан 22 та Boeing 787-9 Dreamliner самолётини етказиб бериш бўйича тузган шартномасида кўзда тутилган. Қурилма Канаданинг CAE Inc. компанияси томонидан ишлаб чиқарилади ва сертификатлашнинг энг юқори — Level D тоифасига эга бўлади.

Тренажёр экипаж кабинаси, самолёт тизимлари ва унинг парвоз хусусиятларини максимал даражада аниқ акс эттиради. У пилотларни тайёрлашнинг тўлиқ циклини бевосита Ўзбекистонда ўтказиш имконини беради.

Ўз тренажёрининг ишга туширилиши учувчи таркибини тайёрлаш жараёнини янада мустақиллаштиради ва пилотларни хориждаги ўқув марказларига юбориш заруратини камайтиради. Авиакомпанияда Dreamliner паркини кенгайтириш режалари муносабати билан мазкур қарор айниқса долзарб экани таъкидланмоқда.

Uzbekistan Airways Boeing 787 самолётларидан ўн йилдан буён фойдаланиб келмоқда. Биринчи Boeing 787-8 Dreamliner 2016 йил сентябрь ойида Тошкентга етиб келган, мазкур турдаги иккинчи самолёт эса шу йил ноябрь ойида қабул қилинган. 2018 йилда авиакомпания учинчи Dreamliner самолётини олган, 2019 йилда парки яна иккита самолёт билан тўлдирилган. 2021 йил май ойида эса олтинчи Boeing 787-8 Тошкентга келган.

2025 йилда Uzbekistan Airways ўз тарихидаги энг йирик шартномани имзолаб, 22 та кенг фюзеляжли Boeing 787-9 Dreamliner самолётини етказиб беришга буюртма берди. Ушбу келишув доирасидаги биринчи самолётлар 2031 йилдан бошлаб етказиб берилиши кутилмоқда.

Авиакомпания маълум қилишича, Dreamliner паркининг кенгайтирилиши узоқ масофали йўналишларда йўловчи ташиш имкониятларини ошириш, парвозлар географиясини кенгайтириш ва янги қитъалараро йўналишларни очиш имконини беради.