Рақобат қўмитаси мактаб товарлари нархлари ҳақида огоҳлантирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Рақобат қўмитаси тадбиркорларни мавсумий «мактаб бозорлари»да мактаб формаси, дарсликлар, канцелярия буюмлари ва бошқа товарлар нархини асоссиз оширишга йўл қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.
Янги ўқув йили арафасида мамлакат бўйлаб умумтаълим мактаблари ҳузурида, деҳқон бозорлари ва савдо мажмуаларида бундай савдо майдончалари иш бошлади.
Қўмита сотувчиларга қонунчилик талабларига риоя қилиш, сотилаётган маҳсулотлар сифатини таъминлаш ва харидорларга товар ҳақида тўлиқ маълумот бериш зарурлигини эслатди. Жумладан, маҳсулотда ёки уни сотиш жойида нархи ва ишлаб чиқарувчи ҳақидаги маълумотлар кўрсатилиши керак.
Харидорларга эса мактаб товарларини харид қилишдан олдин уларнинг сифатини текшириш ва нархларни солиштириш тавсия этилди.
«Мактаб бозорлари»даги нархларни назорат қилиш мақсадида Рақобат қўмитаси мониторинг ўтказмоқда. Товарлар нархининг асоссиз оширилгани аниқланган тақдирда, фуқаролар бу ҳақда 1159 ягона ишонч телефони орқали хабар беришлари мумкин.
Янги ўқув йилида 795 минг нафардан ортиқ бола биринчи марта мактаб партасига ўтиради. Ҳар бир биринчи синф ўқувчиси учун 12 турдаги мактаб анжомларидан иборат «Президент совғаси» тайёрланган.