Швейцария Ўзбекистонда янги элчини тайинлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Швейцариянинг Ўзбекистондаги янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор элчиси Симон Гигернинг ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ раҳбари хабар берди.
Учрашув давомида томонлар икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Саидов Симон Гигерга дипломатик фаолиятида муваффақият тилаб, Ўзбекистон ва Швейцария муносабатларини янада ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини билдирди.
Симон Гигер Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимида Константин Оболенскийнинг ўрнини эгаллади.