Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Спорт

Жавоҳир Синдоров Sinquefield Cup мусобақасида учинчи бўлди

Дилафруз Ниязова · 20.08.2026 · 17:15 · 30 views
Жавоҳир Синдоров Sinquefield Cup мусобақасида учинчи бўлди
Жавоҳир Синдоров Sinquefield Cup мусобақасида учинчи бўлди / Фото: Олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров Сент-Луис шаҳрида ўтказилган Sinquefield Cup 2026 мусобақасида 9 партияда 5 очко жамғариб, учинчи ўринни эгаллади. Grand Chess Tour финалига чиқиш учун унга серия умумий ҳисобида 0,5 очко етмади.

Sinquefield Cup Grand Chess Tour — халқаро шахмат мусобақалари сериясининг бешинчи ва якуний босқичи бўлди. Айланма тизимдаги турнирда 10 нафар гроссмейстер иштирок этди, соврин жамғармаси эса 475 минг долларни ташкил қилди.

Синдоров турнирни Левон Аронянга қарши дуранг билан бошлади. Иккинчи турда эса ўзбекистонлик шахматчи мусобақадаги ягона мағлубиятини қайд этиб, ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанандхага 95 юришдан кейинги пиёдалар эндшпилида ютқазди.

Шундан сўнг Синдоров кетма-кет тўрт партияни дуранг билан якунлади. У Максим Вашье-Лаграв, Аниш Гири, Сэм Севиан ва Фабиано Каруана билан очколарни бўлишди. Жаҳон рейтингида иккинчи ўринда турган Каруанага қарши партияда ўзбекистонлик шахматчи рақибининг хавфли ўткинчи пиёдасини зарарсизлантириб, ўйинни дурангга олиб келди.

Олтинчи турдан кейин Синдоров ҳисобида 2,5 очко бор эди — бешта дуранг ва битта мағлубият.

Еттинчи тур бурилиш нуқтаси бўлди. Унда Синдоров қора фигураларда германиялик гроссмейстер Винсент Кеймерни мағлуб этди. Ўзбекистонлик шахматчи Бенко гамбитини қўллади. Кеймер устунликка эришган бўлса-да, эндшпилда вақт танқислигида хатога йўл қўйди ва шундан сўнг Синдоров турнирдаги биринчи ғалабасини қўлга киритди.

Кейинги турда Синдоров Йорден ван Форестни мағлуб этди ва мусобақада биринчи марта кетма-кет икки партияда ғалаба қозонди. Саккиз турдан сўнг у 4,5 очко тўплади ва турнирда ғолиб чиқиш учун назарий имкониятини сақлаб қолди.

Сўнгги партияда Синдоров Уэсли Соқа қарши қора фигураларда ўйнади. Sinquefield Cup мусобақасида ғолиб бўлиш учун унга ушбу учрашувда ғалаба керак эди, аммо партия дуранг билан якунланди.

Со ва Прагнанандха ҳам классик қисмни 5,5 очкодан билан якунлади. Ғолиб тай-брейкда аниқланди. Рапиддаги икки дурангдан сўнг титул қора фигураларда армагеддонда ғалаба қозонган Соға насиб этди. Америкалик шахматчи 87,5 минг доллар мукофот олди.

Шундай қилиб, Синдоров турнирни икки ғалаба, олтита дуранг ва бир мағлубият билан якунлади. Унинг якуний натижаси 5 очко ва учинчи ўринни ташкил қилди.

Sinquefield Cup Синдоров учун Grand Chess Tour финалига йўлланма учун курашда алоҳида аҳамиятга эга эди. Турнир бошланишидан олдин Синдоров серия умумий ҳисобида 20,5 очко билан бешинчи ўринда турган ва Кеймердан 0,5 очкога ортда эди. Аввалроқ у Сент-Луисда ўтказилган Saint Louis Rapid & Blitz босқичида иккинчи ўринни эгаллаб, Прагнанандхага ютқазган эди.

Sinquefield Cup якунларига кўра Grand Chess Tour финалига Прагнанандха, Уэсли Со, Фабиано Каруана ва Винсент Кеймер йўлланма олди.

Синдоровга умумий ҳисобнинг дастлабки тўртлигига кириш учун 0,5 очко етмади.

2026 йилда 20 ёшли Синдоров, шунингдек, ФИДЕ номзодлар турнирида ғолиб чиқиб, амалдаги жаҳон чемпиони Доммаражу Гукеш билан жаҳон чемпионлиги учун матч ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Сентябрда ўзбекистонлик шахматчи Global Chess League мусобақасининг тўртинчи мавсумида иштирок этади. Турнир 3–13 сентябрь кунлари Бангалор шаҳрида бўлиб ўтади. Синдоров FYERS American Gambits жамоасининг биринчи рақамли шахматчиси бўлади.