Тошкент вилоятида 10-йўналиш автобусида ёнғин чиқди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилоятининг Қибрай туманида 15 август куни «Ҳожакўрғон МФЙ — Юнусобод 12-мавзе» йўналишида ҳаракатланаётган Mercedes-Benz Low Floor русумли автобуснинг мотор бўлимида ёнғин содир бўлди.
Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Бу ҳақда «Toshshahartransxizmat» АЖ ахборот хизмати хабар берди.
Ёнғин соат тахминан 16:10 да Ўнқўрғон маҳалласидаги Чароғон кўчасида содир бўлган. Автобус «Toshshahartransxizmat» АЖ автобус саройининг 5-филиалига тегишли бўлган. Унинг борт рақами 05-414, давлат рўйхатидан ўтказиш рақами эса 01 481 WCA.
Компания маълумотларига кўра, ёнғинга автобуснинг мотор бўлимидаги электр симларида қисқа туташув юзага келиши сабаб бўлган.
Ҳайдовчи йўловчиларни зудлик билан хавфсиз жойга эвакуация қилган ва мавжуд ўт ўчириш воситалари ёрдамида ёнғинни бартараф этиш чораларини кўрган.
Ҳодиса жойига Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ёнғин-қутқарув бригадаси етиб келиб, вазиятни назоратга олган.
Ҳодисадан сўнг автобус таъмирлаш майдончасига олиб борилган. Мутахассислар зарур таъмирлаш ишларини олиб бормоқда.