Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Агентлик «Чодра ҳовли» мажмуаси ҳолати ҳақидаги хабарларни рад этди

UzDaily таҳририяти · 08.08.2026 · 12:35 · 25 views
Агентлик «Чодра ҳовли» мажмуаси ҳолати ҳақидаги хабарларни рад этди
Агентлик «Чодра ҳовли» мажмуаси ҳолати ҳақидаги хабарларни рад этди / Фото: Сурат сунъий интеллекти томонидан яратилган.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —Маданий мерос агентлиги Хоразм вилояти Хива туманида жойлашган «Чодра ҳовли» мажмуасининг ҳолати ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга изоҳ берди. Агентлик маълум қилишича, объект давлат муҳофазасида бўлиб, 2022–2023 йилларда унда кенг кўламли реставрация ишлари амалга оширилган. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар берди.

Агентлик маълумотларига кўра, реставрация ишлари Агентлик буюртмаси асосида Хива минтақавий реставрация маркази томонидан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бажарилган. Ишлар давомида ёдгорликнинг тарихий-меморий қиёфасини сақлаш ва анъанавий қурилиш технологияларига риоя этишга алоҳида эътибор қаратилган.

Реставрация жараёнида айвонлар ва зинапоялар мустаҳкамланиб, таъмирланган, ташқи деворлар анъанавий сомонли лой сувоқ билан қопланган, ички деворларга эса ганчдан фойдаланган ҳолда ишлов берилган. Агентлик таъкидлашича, замонавий қурилиш ечимлари фақат зарур ҳолатларда қўлланилган ва бунда мажмуанинг тарихий қиёфасини имкон қадар сақлаб қолиш мақсад қилинган.

Шу билан бирга, мажмуага туташ ҳудуд ободонлаштирилиб, пиёдалар йўлаклари барпо этилган ва ташриф буюрувчилар учун тунги ёритиш тизими ўрнатилган.

Агентлик мажмуани асраб-авайлаш ва уни кенг тарғиб қилиш ишлари давом эттирилишини маълум қилди. Ёдгорлик атрофида туристик инфратузилмани ривожлантириш ҳамда унга маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жалб қилиш режалаштирилмоқда.

Агентлик эслатишича, «Чодра ҳовли» 1871 йилда Хива хонларининг ёзги қароргоҳи сифатида қурилган. Мажмуа номи форс тилидаги «чордара» сўзининг қисқартирилган шаклидан келиб чиққан бўлиб, «чор» — «тўрт», «дара» эса «тик жарлик» ёки «дара» маъносини англатади.