Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Технологиялар

Электрон тижорат операторлари учун янги тартиб жорий этилди

Дилафруз Ниязова · 20.08.2026 · 18:15 · 32 views
Электрон тижорат операторлари учун янги тартиб жорий этилди
Электрон тижорат операторлари учун янги тартиб жорий этилди / Фото: Сурат сунъий интеллекти томонидан яратилган.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда 2026 йил 23 сентябрдан электрон тижорат операторлари фаолияти хабар бериш тартибида амалга оширилади. Тегишли қоидалар Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 5 августдаги буйруғи билан тасдиқланган ва 19 август куни Адлия вазирлигида 3927-сон билан рўйхатдан ўтказилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги хабар берди.

Янги тартиб электрон савдо платформалари операторлари, буюртмалар агрегаторлари операторлари ҳамда рақамли стриминг хизматлари операторларига нисбатан татбиқ этилади. Низомнинг ўзи эса 2026 йил 24 сентябрдан кучга киради.

Фаолият юритиш учун операторлар Ўзбекистонда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтган бўлиши ҳамда электрон тижорат, шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш, муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя қилиши лозим.

Бундан ташқари, операторлар чакана савдо қоидаларига амал қилиши, электрон тижорат иштирокчиларига хизматларни тегишли даражада кўрсатиш учун ахборот тизимига эга бўлиши ва фаолиятни бошлаш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган маълумотларнинг ҳаққонийлигини таъминлаши шарт.

Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда меҳнат шартномалари ҳақидаги маълумотлар «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро аппарат-дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтказилиши керак. Операторлар, шунингдек, ваколатли органнинг сўровига кўра амалга оширилаётган фаолиятга оид маълумотларни бепул тақдим этиши шарт.

Фаолиятни бошлаш учун тадбиркор Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг ахборот тизими орқали Ягона идентификация тизими — OneID ёрдамида хабарнома юборади.

Хабарномада юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, СТИР, жойлашган манзили, электрон почта манзили, раҳбарнинг телефон рақами, фаолият амалга ошириладиган жойнинг манзили ва кадастр рақами, банк реквизитлари ҳамда раҳбарнинг идентификация маълумотлари кўрсатилади.

Хабарномага белгиланган талаб ва шартларга мувофиқликни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши керак.

Номи, жойлашган манзили ёки хабарнома берувчининг яшаш манзили ўзгарганида, шунингдек, филиал ёки ваколатхона очилганда оператор тегишли ўзгартишлар рўйхатдан ўтказилганидан кейин 10 иш куни ичида ваколатли органни хабардор қилиши шарт.

Электрон тижорат операторлари реестри Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг веб-сайтида жойлаштирилади.

Янги хабар бериш тартиби 2026 йил 22 июнда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-1154-сонли қонунида назарда тутилган.