Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Uzum инфратузилмага 500 млн доллардан зиёд сармоя киритди

UzDaily таҳририяти · 08.07.2026 · 22:55 · 21 views
Uzum инфратузилмага 500 млн доллардан зиёд сармоя киритди

Uzum инфратузилмага 500 млн доллардан зиёд сармоя киритди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Uzum экотизими Ўзбекистоннинг рақамли ва логистика инфратузилмасини ривожлантиришга 500 миллион АҚШ долларидан ортиқ сармоя киритганини маълум қилди.

Компания, шунингдек, яқин бир неча йил ичида инфратузилмани янада кенгайтириш учун қўшимча равишда яна бир неча юз миллион доллар инвестиция йўналтириш ниятида эканини билдирди.

Компания маълумотига кўра, Uzum Market ҳамкорлари мамлакатдаги энг йирик электрон тижорат логистика мажмуасидан фойдаланмоқда. 2026–2028 йилларда Uzum Тошкент шаҳрида ҳам, ҳудудларда ҳам логистика қувватларини сезиларли даражада оширишни режалаштирмоқда.

Компания аллақачон саралаш маркази ва йирик ҳажмли товарлар учун омбор мажмуасини қуриш лойиҳасини амалга оширишни бошлаган. Инфратузилма кенгайтирилгандан сўнг Uzum Market суткасига 600 мингта товарни қайта ишлаш қувватига эришишни, шунингдек мебель, маиший техника ва бошқа йирик ҳажмли маҳсулотларни сақлаш учун 26 мингта паллета жойини ташкил этишни режалаштирмоқда.

Марказий логистика хабидан ташқари, компания ҳудудий инфратузилмани ҳам ривожлантиришда давом этмоқда. Айни пайтда ҳамкорлар учун Самарқанд, Фарғона, Жиззах, Қарши, Наманган, Навоий, Бухоро, Урганч ва Термиз шаҳарларида жойлашган тўққизта кросс-докинг омбори хизмат кўрсатмоқда.

Компания таъкидлашича, рақамли ва логистика инфратузилмасига йўналтирилаётган инвестициялар мамлакат иқтисодиётининг узоқ муддатли ривожланишига, тадбиркорлар бизнесини кенгайтириш учун шарт-шароит яратишга ҳамда Ўзбекистон аҳолисининг республика бўйлаб товарлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.