Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Савдо-саноат палатаси ва The Asia Foundation ҳамкорликни кенгайтиради

UzDaily таҳририяти · 01.07.2026 · 16:45 · 29 views
Савдо-саноат палатаси ва The Asia Foundation ҳамкорликни кенгайтиради

Савдо-саноат палатаси ва The Asia Foundation ҳамкорликни кенгайтиради

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 30 июнь куни Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлигида The Asia Foundation (ТАF) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Томонлар давлат харидлари тизимини такомиллаштириш, институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш ҳамда илм-фан, таълим ва саноат интеграциясини ривожлантириш йўналишларидаги истиқболли ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.

Учрашув аввалида Агентлик директори томонидан мамлакатимизда давлат харидлари тизимини такомиллаштириш, саноатни ривожлантириш, илм-фан ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш ҳамда инсон капиталини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Ўз навбатида, The Asia Foundation вакиллари ташкилотнинг Осиё ва Тинч океани минтақасидаги фаолияти, устувор йўналишлари ҳамда амалга оширилаётган дастурларни тақдим этдилар.

Мулоқот давомида давлат бошқаруви ва давлат харидлари тизимида шаффофлик ва ҳалоллик тамойилларини мустаҳкамлаш, коррупциянинг олдини олиш бўйича илғор халқаро тажрибаларни жорий этиш ҳамда замонавий бошқарув ёндашувларини қўллаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, давлат органлари ва давлат харидлари соҳаси мутахассисларининг институционал салоҳиятини ошириш мақсадида ўқув дастурлари, малака ошириш курслари, тренинг ва семинарларни ташкил этиш, халқаро экспертлар иштирокида тажриба алмашиш механизмларини йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Томонлар, шунингдек, университетлар, илмий-тадқиқот институтлари ва саноат корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, амалий илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш, технологиялар трансферини қўллаб-қувватлаш ҳамда инновацион экотизимни ривожлантириш бўйича АҚШ Давлат департаменти дастурлари доирасида қўшма ташаббусларни амалга ошириш имкониятлари юзасидан фикр алмашдилар.

Учрашув якунида томонлар мазкур йўналишларда амалий ҳамкорликни ривожлантириш, салоҳиятни оширишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда мулоқотни изчил давом эттиришга келишиб олдилар.