938 нафар санъаткорнинг 424,9 млн сўм солиқ қарзи бор
938 нафар санъаткорнинг 424,9 млн сўм солиқ қарзи бор
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда концерт-томоша фаолияти соҳасида хизмат кўрсатаётган маҳаллий шоу-бизнес вакилларининг даромадларини декларациялаш компанияси давом этмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Солиқ қўмитаси маълум қилди.
Солиқ органлари маълумотларига кўра, жорий йилнинг 23 июнь ҳолатига қадар амалдаги лицензия асосида фаолият юритаётган 1 680 нафар қўшиқчи ва ижрочи 2025 йил учун жами йиллик даромадлари бўйича декларация тақдим этган.
Тақдим этилган ҳужжатлар таҳлили натижаларига кўра, санъаткорларнинг умумий йиллик даромади 9 миллиард 33 миллион сўмни ташкил этган. Шундан 7 миллиард 727,1 миллион сўм соф солиққа тортиладиган даромад сифатида қайд этилган бўлса, жисмоний шахслар даромад солиғи бўйича ҳисобланган умумий солиқ суммаси 879,6 миллион сўмни ташкил қилган.
Рейтинг гуруҳлари кесимида биринчи, энг юқори тоифага кирувчи 48 нафар санъаткорнинг умумий даромади 1 миллиард 527,8 миллион сўмни ташкил этган бўлиб, улар учун 144,6 миллион сўм солиқ ҳисобланган. Иккинчи гуруҳдаги 125 нафар ижрочи 1 миллиард 134,7 миллион сўм даромадни декларация қилган ва улар учун 105,9 миллион сўм солиқ ҳисобланган. Энг йирик учинчи рейтинг гуруҳига кирувчи 1 507 нафар ижрочининг умумий даромади эса 6 миллиард 370,6 миллион сўмга етган. Ушбу гуруҳ бўйича ҳисобланган солиқ миқдори 629,1 миллион сўмни ташкил этган.
Шунга қарамай, солиқ идоралари ижод соҳаси вакилларининг катта қисмида ижро интизоми пастлигини қайд этмоқда.
Айни пайтда декларация топширган солиқ тўловчиларнинг 938 нафарида солиқ қарздорлиги мавжуд бўлиб, унинг умумий ҳажми 424,9 миллион сўмга етган.
Жумладан, биринчи рейтинг гуруҳида 24 нафар қарздорнинг умумий қарзи 49,8 миллион сўмни ташкил этмоқда. Иккинчи гуруҳда 61 нафар ижрочининг қарзи 32,9 миллион сўмга тенг. Учинчи гуруҳда эса 853 нафар санъаткор бюджетга ўз вақтида тўлов амалга оширмаган бўлиб, уларнинг умумий қарздорлиги 342,2 миллион сўмни ташкил қилган.
Солиқ қўмитаси қонунчиликка мувофиқ мазкур ҳисобот даври учун солиқ тўлашнинг охирги муддати 2026 йил 1 июнь куни якунланганини эслатди.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 398-моддасига мувофиқ, декларация тақдим этиш мажбуриятини бажармаган ёки унда нотўғри маълумот кўрсатган шахсларга нисбатан мажбурий ундириш механизми қўлланилади.
Солиқ органлари ўзларида мавжуд идоралараро таҳлилий маълумотлар асосида солиқ мажбуриятлари суммасини мустақил равишда ҳисоблаш ҳуқуқига эга.
Ҳисобланган сумма тўғрисидаги расмий хабарнома фуқарога 10 кун ичида етказилади. Шундан сўнг мазкур суммани тўлаш мажбурияти юзага келади. Якуний ўзгартишлар эса солиқ тўловчи томонидан аниқлаштирилган ёки бирламчи декларация тақдим этилганидан кейин киритилиши мумкин.