Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон ва Афғонистон фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради

UzDaily · 20.06.2026 · 12:25 · 32 views
Ўзбекистон ва Афғонистон фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради

Ўзбекистон ва Афғонистон фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 19 июнь куни Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ҳамда Афғонистон Дори воситалари ва тиббиёт маҳсулотларини тартибга солиш миллий идораси (AFDA) делегацияси вакиллари билан учрашув ўтказилди.

Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон фармацевтика корхоналарининг Афғонистон бозорига чиқиш имкониятлари, GMP инспекцияларини ташкил этиш, дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш жараёнларини такомиллаштириш ҳамда икки давлат ўртасидаги фармацевтика маҳсулотлари савдо айланмасини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Музокаралар чоғида Афғонистон делегацияси мамлакатимиз фармацевтика корхоналарида жорий этилган сифат бошқаруви тизимлари ва ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишиб, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати ҳамда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.

Шунингдек, лаборатория инфратузилмасини ривожлантириш, мутахассислар малакасини ошириш, тартибга солиш ва инспекция жараёнлари бўйича тажриба алмашиш, шунингдек соҳавий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг Афғонистон бозорига чиқишини қўллаб-қувватлаш ҳамда ўзаро манфаатли лойиҳалар бўйича мулоқотни давом эттиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.

UzDaily · 👁 32 views · 20.06.2026 · 12:25