Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Фарғона вилояти ва Хенан илмий ҳамкорликни мустаҳкамлайди

UzDaily таҳририяти · 28.07.2026 · 12:45 · 32 views
Фарғона вилояти ва Хенан илмий ҳамкорликни мустаҳкамлайди

Фарғона вилояти ва Хенан илмий ҳамкорликни мустаҳкамлайди / Фото: Фарғона вилояти ҳокимияти матбуот хизмати

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Мирзоҳид Убайдуллаев Хитойнинг Хэнань Фанлар академияси бош муҳандиси Гоа Ян бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашувда Фарғона вилояти билан Хэнань Фанлар академияси ўртасида илмий-инновацион ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшма илмий платформани ташкил этиш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида инновацион лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Қишлоқ хўжалигида рақамли технологияларни кенг жорий этиш, жумладан, ақлли суғориш тизимларини татбиқ этиш, сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш, минерал таҳлил лабораториясини ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди.

Шунингдек, чорвачилик ва паррандачилик тармоқларини илмий ёндашувлар асосида ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда Фарғона вилоятида инвесторлар учун яратилган қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳити алоҳида қайд этилиб, илгари сурилган лойиҳаларни Хитойнинг илғор тажрибаси асосида амалга ошириш механизмлари муҳокама қилинди.

Мулоқотда ўзаро манфаатли йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ташаббуслар доирасида аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш бўйича келишиб олинди.