Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Технологиялар

Президент тўққизта инновацион лойиҳани ишга туширди

UzDaily таҳририяти · 22.07.2026 · 22:05 · 39 views
Президент тўққизта инновацион лойиҳани ишга туширди

Президент тўққизта инновацион лойиҳани ишга туширди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев Нурафшон шаҳрида ахборот хавфсизлиги ва рақамли технологияларга ихтисослашган “Cyber University” давлат университети фаолияти билан танишди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида мамлакатимизни минтақавий IT-хабга айлантириш устувор мақсадлардан бири сифатида белгиланган. Бунинг учун давлат бошқаруви ва иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштириш, замонавий алоқа инфратузилмасини ривожлантириш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ҳамда инновацион экотизимни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Сўнгги йилларда яратилган қулай шароитлар натижасида юртимизда АТ компаниялар, юқори даромадли иш ўринлари ва рақамли хизматлар экспорти изчил кўпаймоқда. Мазкур жараёнда замонавий билим ва кўникмаларга эга ёш мутахассисларни тайёрлаш муҳим аҳамият касб этади.

“Cyber University” давлат университети Президентимизнинг 2025 йил 20 январдаги қарорига мувофиқ, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузурида мустақил олий таълим муассасаси сифатида ташкил этилган.

Университетда ахборот ва киберхавфсизлик, сунъий интеллект ва робототехника, киберҳуқуқ, рақамли криминалистика ҳамда кибериқтисодиёт соҳалари учун халқаро талабларга жавоб берадиган мутахассислар тайёрланмоқда.

Бугунги кунда олийгоҳда 2 та факультет ва 4 та кафедра фаолият юритиб, 8 та бакалавриат ҳамда 2 та магистратура йўналишида қарийб 1 минг нафар талаба таҳсил олмоқда.

Университетда 1 минг 585 ўринли ўқув биноси, 805 ўринли талабалар турар жойи, замонавий спорт мажмуалари, ошхона ва ахборот-ресурс маркази ташкил этилган.

Давлатимиз раҳбари университетда яратилган шароитлар билан танишди. Олийгоҳда таҳсил олаётган ёшлар билан самимий мулоқот бўлиб ўтди.

– Келажакда сиздек мутахассисларга эҳтиёж янада ошади. Ҳар бир соҳа ва ҳар бир ҳудуд рақамли технологиялар билан ҳамоҳанг ривожланмаса, мамлакат тараққий этмайди. Шунинг учун сизлар ўз устингизда тинимсиз ишлаб, энг замонавий билимларни эгаллашингиз керак, – деди Президентимиз.

Университет жамоаси халқаро киберхавфсизлик мусобақалари ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги хакатонларда юқори натижаларни қўлга киритиб келмоқда. Экологик барқарорлик тамойиллари асосида шакллантирилган олийгоҳга “Яшил кампус” мақоми берилган.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев университетга туташ ҳудудда барпо этиладиган Келажак технологиялари маркази қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида буюк аждодимиз Муҳаммад ал-Хоразмий асос солган алгоритмлар бугун глобал иқтисодиётнинг ўзаги ва инсонлар кундалик ҳаётининг ажралмас қисмига айланганини таъкидлади.

Ҳозирги дунёда рақобат йиллар ва ойлар билан эмас, балки дақиқалар ва сониялар билан ўлчанмоқда. Рақамлаштиришни ортга сурган, сунъий интеллектни ўзлаштирмаган ва инновацияларга сармоя киритмаган давлатлар глобал тараққиётдан ортда қолиши қайд этилди.

– Ҳаётимизнинг барча жабҳаларини рақамлаштириш билан жиддий шуғулланмасдан туриб, ривожланиш мумкин эмас. Бусиз келажагимиз йўқлигини барчамиз теран англашимиз керак, – деди Президент.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ахборот технологиялари соҳасидаги натижалари халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилмоқда. Жорий йилда венчур инвестициялар ҳажми 5 баробар кўпайиб, ўсиш суръати бўйича мамлакатимиз жаҳонда биринчи ўринга кўтарилди.

Ўзбекистоннинг миллий стартап экотизими қарийб 4,5 миллиард долларга етди. Инновацион ғояларни рағбатлантириш мақсадида мукофот жамғармаси 5 миллион доллар бўлган Президент стартап танловига старт берилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик бўйича Бутунжаҳон ташкилотининг таъсисчиларидан бири бўлиб, бу борадаги глобал жараёнларни шакллантиришда иштирок этадиган давлатлар сафидан жой олди.

Умумий майдони 36 гектар бўлган марказ қурилишига қарийб 500 миллион доллар инвестиция жалб қилинади. У таълим, илмий тадқиқот, технологик синов ва ишлаб чиқариш жараёнларини бирлаштирадиган ягона инновацион экотизим бўлади.

Нурафшон шаҳрининг танланиши бежиз эмас. Бу ердаги “Cyber University”да киберхавфсизлик ҳамда ахборот ҳимояси соҳаларида қарийб 1 минг нафар мутахассис тайёрланмоқда. Энди университет атрофида бутун мамлакат учун намуна бўладиган яхлит инновацион кластер шакллантирилади.

Марказда киберхавфсизлик, сунъий интеллект, булутли технологиялар ва криптография йўналишларида 6 та замонавий лаборатория ташкил этилади.

Шунингдек, сунъий интеллект дата-маркази ва муҳандислик кластери, ҳимояланган компьютер ҳамда маълумот узатиш қурилмалари, юқори технологик токенлар ишлаб чиқариш маркази барпо этилади. Учувчисиз дрон қурилмалари ва робототехника воситаларини синовдан ўтказиш учун махсус полигон фаолияти йўлга қўйилади.

Осиё тараққиёт банки кўмагида маҳаллий технологияларни тижоратлаштириш ва миллий маҳсулотларни халқаро бозорларга олиб чиқиш платформаси яратилади. Лойиҳаларни барқарор электр энергияси билан таъминлаш учун 5 мегаваттли энергетика қувватлари барпо этилади.

Марказга етакчи глобал компаниялар, университетлар ва олимларни жалб қилиш, талабалар ва ходимлар учун замонавий ижтимоий, маданий ва маиший инфратузилма яратиш кўзда тутилган.

Энг муҳими, мазкур инновацион экотизимда 5 мингдан зиёд юқори малакали иш ўрни ташкил этилади. Марказ Тошкент вилоятида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва ҳудуднинг инновацион салоҳиятини юксалтиришга катта туртки беради.

Қайд этилганидек, жорий йилда Тошкент вилоятининг рақамли хизматлар экспорти илк бор 50 миллион долларга етиши кутилмоқда. Мавжуд имкониятларни янада кенгайтириш учун Нурафшон ва Чирчиқ шаҳарларида замонавий IT парк бинолари қурилишига ҳам старт берилди.

– Узоқни кўзлаб, чин дилдан амалга ошираётган ортга қайтмас ислоҳотларимиз Янги Ўзбекистон бунёдкори бўлган ёшларимиз келажаги учун мустаҳкам пойдевор бўлади. “Рақамли Ўзбекистон” келгуси авлодларга биздан муносиб мерос бўлиб қолади, – деди давлатимиз раҳбари.

Мазкур масканни Тошкент вилоятининг сунъий интеллект ва рақамлаштириш марказига, ёшларнинг билим, истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқарадиган замонавий мажмуага айлантириш асосий мақсад экани таъкидланди.

Келажак технологиялари марказида амалга ошириладиган илмий ишланмалар, технологик ечимлар ва кашфиётлар мамлакатимизнинг халқаро нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Маросимда Хитой, Россия ва Германия компаниялари иштирокида амалга ошириладиган, умумий қиймати 465 миллион доллар бўлган 9 та янги лойиҳа қурилишига ҳам старт берилди.

Ушбу янги қувватлар ишга тушиши натижасида яна 5 мингта иш ўрни яратилади, аҳолининг замонавий ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари кенгаяди.

Президент Шавкат Мирзиёев хорижий ҳамкорлар, мутахассислар ва қурувчиларга муваффақият тилади.