Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Туризм

Ўзбекистонга беш ойда 203 давлатдан сайёҳлар ташриф буюрди

UzDaily таҳририяти · 25.06.2026 · 12:20 · 19 views
Ўзбекистонга беш ойда 203 давлатдан сайёҳлар ташриф буюрди

Ўзбекистонга беш ойда 203 давлатдан сайёҳлар ташриф буюрди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йилнинг январь–май ойларида Ўзбекистонга туристик мақсадларда 5 миллион 351 минг 868 нафар хорижий фуқаро ташриф буюрди. Миллий статистика қўмитасининг расмий маълумотларига кўра, ҳисобот даврида мамлакатга келган сайёҳлар географияси дунёнинг 203 давлатини қамраб олган. Бу эса республиканинг халқаро майдондаги туристик мавқеи изчил мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади.

 

Идора томонидан эълон қилинган статистик ҳисоботда хорижий туристлар оқимининг жинсий ва ёш таркиби ҳам келтирилган. Мамлакатга ташриф буюрганлар орасида эркаклар устунлик қилди. Улар сони 2 миллион 974 минг 327 нафарни ташкил этган бўлса, аёл сайёҳлар сони 2 миллион 377 минг 541 нафар этиб қайд этилди.

Хорижий меҳмонлар орасида энг фаол қатламни ўрта ёшдаги шахслар ташкил қилди. Ёш тоифалари бўйича тақсимотга кўра, 31 ёшдан 55 ёшгача бўлган сайёҳлар асосий улушни эгаллаб, уларнинг сони 2 миллион 791 минг 843 нафарга етган.

Иккинчи ўринда 56 ёш ва ундан катта бўлган фуқаролар жойлашди. Уларнинг сони 1 миллион 83 минг 688 нафарни ташкил қилди.

19 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар тоифаси 892 минг 166 нафарни ташкил этган бўлса, 18 ёшгача бўлган вояга етмаган сайёҳлар сони 584 минг 171 нафар этиб қайд қилинди.