Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Хизматлар соҳаси ЯИМнинг 56,2 фоизини шакллантирди

UzDaily таҳририяти · 08.07.2026 · 12:40 · 28 views
Хизматлар соҳаси ЯИМнинг 56,2 фоизини шакллантирди

Хизматлар соҳаси ЯИМнинг 56,2 фоизини шакллантирди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Миллий статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, 2026 йил январь–март ойларида Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) жорий нархларда 447,9 триллион сўмни ташкил этди.

ЯИМ таркибида иқтисодиёт тармоқларининг ялпи қўшилган қиймати 427,5 триллион сўмга етди ва иқтисодиёт умумий ҳажмининг 95,4 фоизини ташкил қилди. Маҳсулотларга соф солиқлар ҳажми эса 20,4 триллион сўмни ёки ЯИМнинг 4,6 фоизини ташкил этди.

Ялпи қўшилган қийматни шакллантиришда энг катта ҳисса хизматлар соҳасига тўғри келди. Ушбу соҳа ҳажми 240,1 триллион сўмни ташкил этиб, ялпи қўшилган қийматнинг 56,2 фоизини шакллантирди.

Иккинчи ўринни саноат эгаллади. Унинг ҳажми 124,9 триллион сўмни ташкил этиб, ялпи қўшилган қийматнинг 29,2 фоизига тенг бўлди.

Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги улушига 36,2 триллион сўм ёки 8,4 фоиз тўғри келди. Қурилиш соҳаси эса 26,4 триллион сўм ёки ялпи қўшилган қийматнинг 6,2 фоизини ташкил қилди.

Шу тариқа, хизматлар соҳаси Ўзбекистон иқтисодиётининг энг йирик тармоғи мақомини сақлаб қолиб, мамлакат ялпи қўшилган қийматининг ярмидан кўпроғини шакллантиришда давом этмоқда.