Ўзбекистон ва DOHWA Engineering тўртта минтақа учун фазовий ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқадилар
Ўзбекистон ва DOHWA Engineering тўртта минтақа учун фазовий ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқадилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов Жаҳон банкининг “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳаси доирасида жалб этилган Жанубий Кореянинг “DOHWA Engineering Co., Ltd.” компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Бухоро, Навоий, Жиззах ва Сирдарё вилоятларининг фазовий-ҳудудий стратегиялари, Ғиждувон, Шофиркон, Хатирчи, Нурота, Зафаробод, Ғаллаорол, Сардоба ва Сирдарё туманларининг фазовий-ҳудудий режалари, шунингдек, ушбу туманларда танлаб олинадиган ҳудудлар бўйича мастер режаларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама этилди.
Бунда, ҳудудларнинг ривожланиш марказларини (туман, шаҳар, яшаш массивлари, саноат зоналари, бизнес, туризм, савдо, хизмат, логистика марказлари) белгилаш ва жойлаштириш, транспорт ва иқтисодий корридорлар орқали ўзаро боғлаб ривожлантириш ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш таъкидланди.
Компания томонидан жорий йилнинг июль-август ойларида ҳудудларга чиққан ҳолда аҳоли ва тадбикорлик субъектлари, маҳаллий ҳокимликлар вакиллари билан учрашув ва муҳокамалар ўтказилиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳамда илғор хорижий тажриба ва замонавий лойиҳавий ёндашувларни Ўзбекистонда қўллаш бўйича дастлабки таклифлар шакллантирилади.