Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистон Душанбеда бўлиб ўтган халқаро конференцияда яшил энергияни ривожлантириш бўйича ўз тажрибасини тақдим этди

UzDaily таҳририяти · 08.07.2026 · 13:20 · 22 views
Ўзбекистон Душанбеда бўлиб ўтган халқаро конференцияда яшил энергияни ривожлантириш бўйича ўз тажрибасини тақдим этди

Ўзбекистон Душанбеда бўлиб ўтган халқаро конференцияда яшил энергияни ривожлантириш бўйича ўз тажрибасини тақдим этди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 2-3 июль кунлари Душанбе шаҳрида Тожикистон Республикаси Фанлар миллий академияси Президиуми ташаббуси билан “Қайта тикланувчи энергетиканинг замонавий ҳолати ва ривожланиш истиқболлари” мавзусида IV халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
 
Анжуманда маҳаллий ва хорижий олимлар, экспертлар, вазирлик ва идоралар, илмий-тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
 
Делегация таркибидан Ўзбекистон Энергетика вазирлиги, вазирлик ҳузуридаги Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти, Ўзбекистон энергетиклар миллий ассоциацияси ҳамда Тошкент давлат техника университети вакиллари ўрин олди.
 
Ўзбекистон делегациясининг иштироки Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан амалга оширилаётган “Марказий Осиёда яшил иқтисодиёт учун яшил кўникмалар” (“Green Skills for a Green Economy in Central Asia”) минтақавий лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
 
Пленар йиғилишда қайта тикланувчи энергетикани ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари, инновацион технологияларни жорий этиш, энергетика тизимини рақамлаштириш, электр тармоқларини бошқаришда сунъий интеллектдан фойдаланиш, шунингдек, қуёш ва шамол энергетикасини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
 
Конференция доирасида энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, энергетика соҳасини рақамли трансформация қилиш ҳамда илмий кадрлар тайёрлашга бағишланган илмий маърузалар тақдим этилди.