Ўзбекистон делегацияси БРИКС сунъий интеллект семинарида иштирок этмоқда
Ўзбекистон делегацияси БРИКС сунъий интеллект семинарида иштирок этмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси делегацияси 10 нафар вакилдан иборат таркибда Москвада ўтказилаётган “Сунъий интеллект ва БРИКС рақобат сиёсати” мавзусидаги халқаро семинарда иштирок этди.
Мазкур семинар давлат органлари ходимларининг сунъий интеллект соҳасидаги билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган.
Рақобат қўмитаси давлат органлари орасида биринчилардан бўлиб ўз мутахассисларининг сунъий интеллект йўналишидаги салоҳиятини ошириш мақсадида ушбу нуфузли тадбирда қатнашди.
Тадбир доирасида сунъий интеллектнинг рақобат сиёсатига таъсири, рақамли бозорларнинг ривожланиши, алгоритмик нарх белгилаш ҳамда рақамли иқтисодиёт шароитида антимонопол тартибга солишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Семинарда Россия, Хитой, Ҳиндистон, Бразилия, Жанубий Африка, БАА, Миср, Эрон, Эфиопия, Ўзбекистон ва бошқа давлатлар вакиллари иштирок этди.
Дастур доирасида 24–26 июнь кунлари делегация учун малака оширишга қаратилган махсус тренинглар ҳам ташкил этилган. Уларда сунъий интеллект технологиялари, илғор халқаро тажрибалар ҳамда уларни рақобат бозорларини таҳлил қилиш ва антимонопол тартибга солишда қўллаш масалалари кўриб чиқилди.
Мазкур семинар Рақобат қўмитаси мутахассисларига сунъий интеллектни рақобат сиёсати ва бозор таҳлилига жорий этиш бўйича илғор халқаро тажрибаларни ўрганиш имконини беради.