Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Саноат ва ядро хавфсизлиги тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди

UzDaily таҳририяти · 03.07.2026 · 10:50 · 23 views
Саноат ва ядро хавфсизлиги тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди

Саноат ва ядро хавфсизлиги тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда саноат, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш соҳаларидаги қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқилмоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси билан амалдаги қонун ҳужжатларига саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги ҳамда атом энергиясидан фойдаланиш соҳаларида давлат назорати тизимини такомиллаштириш, ушбу соҳалардаги ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, Жиноят кодексига саноат хавфсизлиги талабларини бузганлик баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига, одам ўлишига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлган тақдирда, бунинг учун жавобгарликни назарда тутувчи нормалар киритиляпти. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда эса атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларни бузиш учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Шу билан бирга, бир қатор қонунларда тегишли соҳалардаги органларнинг ваколатлари, ҳуқуқий мақоми аниқлаштирилиб, ўзгартиришлар киритилмоқда.

Қонун лойиҳасида атом энергиясидан фойдаланиш, радиация ва ядровий хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ қоидаларни бузганлик учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкцияларни қўллаш мезанизми ҳам назарда тутиляпти. Бу эса соҳада фаолият кўрсатувчи субъектларнинг масъулиятини ошириш, улар томонидан хавфсизлик талабларига риоя этилишини кучайтиришга хизмат қилади.

Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг аҳамияти, айни чоғда заруратини эътиборга олиб, ундаги айрим нормалар бўйича қонун ташаббускорларига аниқлаштирувчи саволлар берди. Шунингдек, лойиҳани янада такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Баҳс-мунозаралардан сўнг, қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.