Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон ва ТДТ ўртасида аграр ҳамкорликнинг янги имкониятлари муҳокама қилинди

UzDaily · 19.06.2026 · 20:05 · 21 views
Ўзбекистон ва ТДТ ўртасида аграр ҳамкорликнинг янги имкониятлари муҳокама қилинди

Ўзбекистон ва ТДТ ўртасида аграр ҳамкорликнинг янги имкониятлари муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Туркий давлатлар ташкилоти – ТДТнинг Венгриядаги ваколатхонаси ижрочи директори, Қурғоқчиликнинг олдини олиш институти Кузатув кенгаши раиси Балаж Хендрик билан учрашув ўтказди.

Учрашувда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатлари ўртасида аграр илм-фан ва инновациялар алмашинувини кенгайтириш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда иқлим ўзгариши шароитида соҳанинг барқарорлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Балаж Хендрик Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ташкил этилган “Сув ресурслари, энергетика ва озиқ-овқат ўртасидаги ўзаро боғлиқлик: иқлим ўзгаришига бардошлилик ва қишлоқ хўжалигига инвестициялар” мавзусидаги панель сессиясида маърузачи сифатида иштирок этган эди.

Учрашув чоғида Туркий давлатлар ташкилотининг Венгриядаги ваколатхонаси платформаси орқали қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича илғор тажрибаларни Ўзбекистонда татбиқ этиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Томонлар замонавий агротехнологиялар, сув ресурсларини самарали бошқариш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўналишларида ҳамкорликни янада фаоллаштиришдан манфаатдор эканликларини таъкидладилар.

Учрашув якунида ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ва амалий натижаларга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш бўйича келишувга эришилди.

UzDaily · 👁 21 views · 19.06.2026 · 20:05