Ўзбекистон ва Италия туризм йўналишидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Ўзбекистон ва Италия туризм йўналишидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси А.Аққулов ва Италиянинг Ўзбекистондаги элчиси Гвидо Де Санктис ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларига бағишланган учрашув ўтказилди.
Учрашувда маданий туризм, маданий мерос объектларини бошқариш, гастрономия, меҳмонхона бизнеси, туристик йўналишлар брендинги ҳамда креатив туризм соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш масалалри муҳокам қилинди. Шунингдек, Ўзбекистонга Италия ресторан ва меҳмонхона брендларини жалб этиш ҳамда Италия авиакомпанияларининг Ўзбекистонга мунтазам авиақатновларини йўлга қўйиш имкониятларини кўриб чиқиш юзасидан фикр алмашилди.
Музокараларда, шунингдек, Қашқадарё, Сурхондарё ва Фарғона водийсида туризмни ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқиш, Италиянинг консалтинг компаниялари кўмагида замонавий туризм инфратузилмаси лойиҳаларини режалаштириш ҳамда ҳудудларнинг туризм салоҳиятини самарали ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистонга Италиядан ташриф буюрувчи сайёҳлар сони барқарор ўсиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда, италиян тилида хизмат кўрсатувчи гидларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш муҳим эканлигини қайд этишди ва келгусида бу йўналишда ҳамкорликда ишлаш бўйича келишиб олинди.
Маълумот учун, Италия туристик бозорининг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши йиллар давомида ўсиб бормоқда. 2026 йилнинг январь–май ойларида Ўзбекистонга Италиядан 18 мингга яқин сайёҳлар ташриф буюрган.